Айниқса, у йиллари пойтахтга кўчиб келишнинг ҳал қилиб бўлмас муаммолари бор эди. Бири “прописка” бўлса, иккинчиси уй-жой масаласи.
Яхшиямки “прописка”ни талабалик пайтимда бир амаллаб Тошкентга “доимий”га кўчирган эканман. Эндт аёлим ва фарзандларимни доимий рўйхатга қўйиш керак. Икки хонали уйимиз бор. Ўзим шу манзилда доимий рўйхатда тураман, лекин оила аъзоларимни “прописка”га қўйишнинг азобини асти қўяверасиз. Ҳали унга бор, ҳали бунга... Бир паспорт столдан унисига, унисидан бунисига югур-югур. Начора, шу ишни охиригача етказмасам, болаларим боғчага ҳам, мактабга ҳам боролмайди. Ҳатто, маҳалла “участкавойи” доимий рўйхатда турмас экан, деб оиламни кўчага чиқариб юборишгача бориши чўт эмас. Хуллас, вилоят билан пойтахт орасида қатнайвериб, ниҳоят бу муаммони ҳам ҳал қилдик.
Шу билан тугадими, дейсизми? Йўқ. Энди болаларни боғча, мактабга жойлаш масаласи бор эди. Уйимиз яқинидаги боғча ва мактабга мурожаат қилдик. Ўрин йўқ экан. Бу ёғи қандай ҳал бўлганини ўша пайтлари шундай муаммоларга дуч келганлар яхши билади...
Шуларни ёзаяпману, кўз олдимдан ҳаммаси тизилиб ўтаяпти. Очиғини айтсам, бугун у пайтлардаги шунга ўхшаш кўп мантиқсиз тартиботлар ташвишларини унутиб юборибмиз. Бугунги осон ва енгилгина битаётган ишларимизнинг бари ўзидан ўзи бўлаётгандек. Бу фикр ўтган ҳафта эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномамни алмаштириш учун Давлат хизматлари марказига кириб, ишим ўн беш дақиқада ҳал бўлганида хаёлимга келди.
Эътибор қиляпсизми, мен ўн беш кун ёки ўн беш соат эмас, бор-йўғи ўн беш дақиқа деяпман. Нафсиламбрини айтганда, сиз ҳам, мен ҳам бир вақтлар, яқин-яқингача ҳужжатлар тўла сумкани кўтариб идорама-идора сарсон юрганларни ҳар куни кўп кўрардик. Ўзимиз ҳам улар қаторида эдик.
Энди шундай тартиб-қоида билан боғлиқ навбатдаги бир воқеани айтиб ўтмасам бўлмайди. 2019 йили яна бир фарзандли бўлдим. Унга туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишим, сўнг рўйхатга қўйишим керак.
Шу ўй билан туман ФҲДЁ бўлимига бордим. Керакли ҳужжатларни олиб, бир пасда гувоҳнома беришди. Ҳатто, уйимиз яқинидаги боғчага навбатга қўйишганини ҳам айтишди. Аввалига, буям бир йўлида, навбат келганда бирор баҳона топиб қабул қилолмаймиз, дейишади деб ўйладим. Ундай бўлмади. Фарзандим 3 ёшга тўлган куни уни боғчага олиб боришим мумкинлиги тўғрисида Давлат хизматлари марказидан телефонимга хабарнома келиб тушди. Бунга нима дейсиз? Ахир, биз фарзандимизни боғчага жойлаш учун анча сарсон бўлардик-ку...
Мана шу мисолларнинг ўзиёқ кейинги йилларда “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат”, “Инсон қадри учун”, деган тамойиллар оддий одамлар ҳаётида акс этаётганини кўрсатади.
Бугунги мақоламизда мазкур йўналишда амалга оширилган ислоҳотларнинг фақатгина бир йўналишига эътибор қаратишни истадик. Зеро, бу борада амалга оширилган туб ислоҳотлар, сайъ-ҳаракатларни битта мақолага қамраб олиш имконсиз.
Демак, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизимидаги ўзгаришлар ҳақида.
Таъкидлаш керакки, Давлат хизматлари агентлиги тезкор, қулай ва шаффоф хизматлари билан қисқа муддатда ҳар бир оилага кириб борди. Аҳолига яратилган барча шароит вақтни тежаш, турли оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш имконини берди. Шу тариқа аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига қулай ва тезкор давлат хизматларини тақдим этишнинг замонавий инфратузилмаси барпо этилди.
Бу қандай бўлган эди? Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлаш мақсадида 2017 йилда ҳар бир туман ва шаҳарда Давлат хизматлари маркази иш бошлади. Шу тариқа, соҳа ислоҳ қилиниб, “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади”, тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш механизми жорий қилинди.
Маълумотларга кўра, бу марказлар орқали кўрсатилаётган хизмат турлари беш йил давомида саккиз баробар ортиб, 37 тадан 302 тага етди. Аҳамиятлиси кўрсатилаётган хизматларнинг 57 таси бепул. Ҳозир марказларда 2 мингдан зиёд ходим меҳнат қилмоқда.
2018–2023 йиллар давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 302 турдаги 47 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган.
Давлат хизматлари кўрсатиш ва ушбу соҳани ривожлантиришда аҳолига янада қулайлик яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сўнгги 3 йилда давлат хизмати кўрсатишни сифат жиҳатдан яхшилаш ва модернизация қилиш бўйича 150 дан ортиқ қонун ҳужжати ишлаб чиқилди. Натижада 200 дан ортиқ давлат хизмати қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилди, талаб этиладиган ҳужжатлар сони 2 баробар қисқартирилди.
2017 йилга қадар тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш учун камида 5–6 турдаги ҳужжат талаб қилинган бўлса, ҳозир фақат 1 та ҳужжат асосида амалга оширилиб, бу жараёнда композит тарзда қўшимча 4–5 та хизматдан фойдаланиш имкони яратилган.
Ёки яна бир қулайлик. 2019 йилга қадар аҳоли ва тадбиркорлар давлат хизматларидан фақат доимий яшаш жойи бўйича фойдалана олар эди. Ўша йилдан бошлаб эса, жисмоний ва юридик шахслар исталган манзилда, экстерриториал тамойил бўйича бу хизматлардан фойдаланиш имкони пайдо бўлди. Ўтган давр мобайнида шу имкониятдан 30 миллиондан ортиқ фуқаро ва тадбиркор фойдаланди. Хорижга чиқиш биометрик паспорти ва ID-карта расмийлаштириш, ФҲДЁ тизимидаги хизматлар шулар жумласидан.
Натижа: бу, аввало, аҳолининг вақт ва маблағини тежаш имконини берди. Келинг, яна бир мисол келтирамиз. Яқинда бир дўстим укасини Тошкентдаги уйига доимий рўйхатга қўймоқчи эканини, шу бўйича туман паспорт столига бориб маълумот олиши кераклигини айтиб қолди. Шанба куни эди, бирга бордик.
Бу ердаги ходим жуда қисқа ва аниқ маълумот берди. “Аввал отангизни доимий рўйхатга қўясиз. Бунинг учун отангизнинг паспорти, укангизнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва уйланмаганлиги тўғрисида маълумотнома олиб келасиз”, деди. “Маълумотномани Давлат хизматлари марказидан оласиз”, қўшимча қилди у. Тошкентдаги марказдан олсак ҳам бўладими, деган саволимизга “фарқи йўқ”, деб жавоб берди. “Шу ҳужжатларни олиб келсак, доимий рўйхатга қўйиш учун қанча кун керак бўлади?”. “Бир соатга ҳам бормайди”, деган жавобни эшитиб очиғи ҳайрон бўлдик. Тизим шунчалар ўзгариб кетдими?!
Қойил. Аввал-ку пойтахтга доимий рўйхатга қўйиш ҳақида ўйламасдик ҳам. Имкони йўқ эди. Бир амаллаб иложини топган тақдирда ҳам, олис тумандаги паспорт столига бориб, узоқ навбат кутиб паспортни доимий рўйхатдан чиқариш керак, бунинг учун, аввало, Тошкентдаги паспорт столидан маълумотнома олиб бориш шарт бўларди. Бунга ҳафталаб вақт, маблағ сарфлардик.
Навбатдаги рақамларга эътибор беринг. 2017 йилга қадар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда 400 дан ортиқ фаолият тури учун тегишли лицензия ёки рухсатнома олиш талаб этилган. Сўнгги беш йилда эса улардан 132 таси бекор қилинди, шунингдек, бу йўналишда 34 фаолият тури хабардор этиш тартибига ўтказилди.
Бу жараён йил сайин такомиллашиб, соддалашиб бормоқда. Хусусан, аҳолига қулайлик яратиш ва тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим йўналиш – лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида Президентнинг 2020 йил 24 августдаги “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан лицензиялаш соҳасида жами 52 тартиб-таомил бекор қилинди ҳамда 23 фаолиятни ваколатли органни хабардор қилган ҳолда бошлаш тартиби йўлга қўйилди. “Лицензия” ахборот тизими ишга туширилиб, бугунги кунда 112 турдаги хизмат кўрсатилмоқда.
Натижа: лицензия ва рухсатномлардаги мавжуд 15 мингдан ортиқ талаб ва шартлар 2 баробар, лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириб бериш муддати 2–3 баробар қисқартирилди. Уларни махсус бланкаларда чоп этиш учун ҳар йили сарфланадиган 13 миллиард сўмлик маблағ ва тонналаб қоғоз тежалишига эришилди. Фуқароларнинг 5–10 идорага бориб келишига чек қўйилди.
Тўлиқ электрон тизим орқали 80 дан ортиқ лицензия бериладиган бўлди. Натижада 40 минг фуқаронинг лицензияловчи органларга овора бўлиб бориб-келиш амалиёти барҳам топди. Бу шу кунга қадар аҳоли ва тадбиркорларнинг 2 миллиард сўмга яқин маблағи тежалишига йўл очди.
Яна бир аҳамиятли жиҳат. ФҲДЁ архивларида сақланаётган қоғоз шаклидаги 60 миллиондан ортиқ архив маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилди.
Тегишли қонунчилик ҳужжатлари билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 2019 йилдан бошлаб босқичма-босқич жами 120 ҳужжатни талаб қилиш бекор қилинди. 2019 йилга қадар бундай амалиёт мавжуд эмас эди. Натижада 120 турдаги ҳужжатлар қисқартирилди. Йилига ўртача 25 миллион аҳолига қулайлик яратилди, уларнинг 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағи тежалишига эришилди.
Давлат хизматларини кўрсатиш тизимидаги янгиликлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Шулардан бири 2021 йилдан эътиборан илк бор давлат хизматларини композит тарзда кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилганидир. Ҳозирда 31 давлат хизмати ўзаро композит тарзда кўрсатилмоқда, 2 турдаги давлат хизмати проактив шаклда кўрсатилмоқда.
2021–2022 йиллар давомида 16 турдаги давлат хизмати учун тўловлар миқдори кескин камайтирилди, 2 турдаги хизмат учун тўлов ундириш бекор қилинди.
2022 йилдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тўловлар бўйича 50 фоиз чегирма қўлланилиши йўлга қўйилди.
Биз бугун ижтимоий давлат қуриш йўлидамиз. Буни конституциявий асосда ҳам мустаҳкамлаб қўйдик. Энди бу тамойил эпкинларини халқимиз ўз ҳаётида сезиши учун ҳаракат қилмоқдамиз. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловдан озод этилгани бу борадаги дастлабки қадамдир, дейиш мумкин.
Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича бир кунда ўртача 45–50 минг аҳоли давлат хизматлари марказлари хизматидан фойдаланмоқда. Хусусан, биргина жорий йилнинг олти ойи давомида 5,5 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган.
Олис ва чекка ҳудудда яшовчи фуқароларга енгиллик яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида 900 мингдан ортиқ сайёр (мoбиль) давлат хизматлари кўрсатилган. Фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида туман (шаҳар) марказидан 50–100 километр узоқ ҳудудларда 141 филиал ташкил этилди. Қисқа муддатларда барча марказларни замонавий бино билан таъминлаш чоралари кўрилди ва бу жараён давом этмоқда.
2022 йил 1 августдан давлат хизматларидан фойдаланишда шахсни идентификация қилишнинг “Мобил-ID” тизими жорий этилди. Ушбу тизим орқали 930 мингдан ортиқ фуқаро идентификациядан ўтди. Ушбу тизим фуқароларга электрон рақамли имзодан фойдаланмаган ҳолда барча давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратди.
Масалан, ҳозирда 3,1 миллиондан ортиқ фаол электрон имзо мавжуд бўлиб, уларнинг амал қилиш муддати 2 йилни ташкил этади. Мобил-ID тизими эса, мобил алоқа хизматларидан фойдаланаётган 24 миллион аҳоли учун алоҳида флеш-картани олиб юрмасдан хизматлардан фойдаланиш имконини беради.
Давлат органларининг иш услуби ўзгариб, соҳани рақамлаштириш чоралари кўриляпти. Натижада аҳолининг электрон (масофавий) давлат хизматларидан фойдаланиш улуши 15 фоиздан ошди.
Ўз навбатида, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Экспертлар фикрича, бугунги кунда барча давлат хизматларини комплекс ривожлантириш ва рақамлаштириш бўйича дастурий ҳужжат мавжуд эмас. Барча давлат идоралари хизматларини ўзига мос тарзда кўрсатмоқда. Ваҳоланки, давлат хизматини кўрсатишда, биринчи навбатда, аҳоли манфаатлари ва уларга қулайлик нуқтаи назаридан ёндашиш лозим.
Кўрсатилаётган хизматлар улушида электрон давлат хизматларидан фойдаланиш кам миқдорда. Шу сабабли, электрон давлат хизматлари кўрсатиш кўламини кенгайтириш бўйича ҳам давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Бу эса, мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш, фойдаланувчиларга сифатли ва тезкор давлат хизматларини тақдим этиш имконини беради.
Бир сўз билан айтганда, соҳадаги ислоҳотлар аҳолининг давлат хизматларига талабини самарали қондириш, мустақил равишда масофадан туриб фойдаланиш имконияти ошиши, давлат хизматларининг барча ҳудудларга кириб бориши, аҳоли ва тадбиркорларга қатор йўналишларда қулайликлар яратилишига хизмат қилади.
Лутфулла СУВОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири