Ўзгидромет хабарига кўра, бугун республика ҳудудининг катта қисмида, жумладан Тошкент шаҳрида ҳам ғубор ва туман кузатилиши кутилмоқда.
Мазкур метеорологик шароитлар шамолнинг сустлиги, ҳаво намлигининг юқорилиги ҳамда тунги ҳароратнинг пасайиши таъсирида шаклланади.
Бундай ҳолатларда атмосферанинг ерга яқин қатламида ҳарорат инверсияси юзага келиши мумкин. Натижада ҳавонинг вертикал аралашуви сусаяди ва ифлослантирувчи моддалар, жумладан чанг ҳамда майда дисперсли заррачалар (PM2.5 ва PM10) тўпланишига шароит яратилади. Бу эса уларнинг ҳаводаги концентрацияси вақтинча ошишига олиб келиши мумкин.
Ҳаво сифати шамол кучайиши ёки ёғингарчилик кузатилиши натижасида яхшиланиши кутилмоқда. Чунки бундай шароитлар атмосферанинг тозаланишига хизмат қилади.