Тил катта қудратга эга бўлиб, у миллатни ягона халқ сифатида бирлаштиради. Миллат бор экан у ўз ватани, тилини бегона таъсирлардан асраш, эҳтиётлаш учун ҳаракат қилади. Турк маърифатпарвари Исмоилбек Гаспирали айтганидек: «Миллатнинг икки асоси бордур. Бу уларнинг тили ва динидур. Агар миллат ҳаётидан шу иккисидан бири суғуриб олинса, бу миллат таназзулга юз тутур». Ҳақ гап, тил ва дин жуда нозик масала. Уларни миллатдан айирмак шаксиз таназзулга олиб боради.

Янгиланаётган Ўзбекистонда ривожланиш тамойиллари белгилаб қўйилган ҳар бир соҳа ўз тараққиётида шиддат билан давом этар экан, бу йўлда тилга эътибор ҳам зарур. Бу йўлда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш бўйича қатор амалий ишлар олиб бориляпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳам ислоҳотлардан четда эмас.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг барча тизим ташкилотларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси лавозими жорий этилган. Шунга кўра, академия тизимида жами 38 нафар маслаҳатчилар ўз ташкилотларида давлат тилида иш юритилиши бўйича тегишли амалий ишларни олиб боряпти. Маслаҳатчилар бинолар пештоқидаги турли лавҳа ва рекламаларни қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштириш масалаларидан тортиб, ташкилотдаги ҳар бир хат-ҳужжатгача ўз назоратларига олган. Академия тизимидаги барча муассасаларнинг хат ва буйруқ бланкалари лотин алифбосига асосланган ўзбек тилида олиб бориляпти.

Ўзбек тили байрами куни муносабати билан жорий йил 20 октябрда академия ўз тизим ташкилотларида фаолият олиб бораётган маслаҳатчиларни йил давомида амалга оширган ишларини муносиб тақдирлади. Унга кўра, тизим ташкилотлари маслаҳатчиларининг йил давомида амалга оширган ишларини мониторинг қилиш бўйича академия бошқарув аппаратида ишчи гуруҳ шакллантирилиб, сўровномада кўрсатилган бандлар бўйича баҳоланди. Ўттиз саккизта маслаҳатчи орасидан саралаб олинган энг муносиб етти нафарига академия президенти томонидан ташаккурнома ва совғалар тақдим этилди.

Бекназар Касимов  - ЎзРФА, У.А.Арифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институтининг маслаҳатчиси

Сурайё Улжабаева - ЎзРФА, Темурийлар тарихи давлат музейининг маслаҳатчиси

Барно Карабаева , Воҳидова Ноира - ЎзРФА, полимерлар кимёси ва физикаси институтининг маслаҳатчиси

Дилдора Усманова  - ЎзРФА, Ғ.О.Мовлонов номидаги сейсмология институтининг маслаҳатчиси

Жаҳонгир Остонов - ЎзРФА, Шарқшунослик институтининг маслаҳатчиси

Барлибоева Цитора    – ЎзРФА, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг маслаҳатчиси

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кенг кўламда, тантанали нишонланган ўзбек тили байрами барчамизга яна бир бор муборак бўлсин. Зеро, она тилимизнинг ҳаққоний тантанаси, давлатчилик анъаналаримизнинг юксак тараннуми, десак муболаға бўлмайди. Улуғ маърифатпарварларимиздан бири М.Беҳбудий таъкидлаганларидек: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадургон ойинайи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдур». Демак, тилимизни соф сақлаб қолмоқлик бурч ва масъулиятимиз. Бу йўлда эса ҳар биримиз масъулмиз.

Омина Азизова,

Ўзбекистон Фанлар академияси

Президенти маслаҳатчиси.