Президентимиз ўтган йил сўнгида мамлакатимиз ёшлари билан видеоселектор тарзида ўтказган Ўзбекистон ёшлари форумининг 100-сон баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жойларда тизимли ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, ҳар бир туман ва шаҳардан 5 нафаргача, жами 1006 нафар ёшлар маданият ва санъат соҳасидаги олий таълим муассасаларига маҳаллий бюджет асосида ўқишга қабул қилинди. Талабаларнинг тўлов-контракт пуллари ҳудудий ҳокимликлар томонидан маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланади. Маданият вазири Озодбек Назарбеков Наманганга ташрифи давомида ушбу вилоятдан ўқишга қабул қилинган 60 нафар талаба билан учрашди. Суҳбат давомида номзодларни тавсия этишда касб тайёргарлигига эга эканлигига алоҳида эътибор қаратилгани маълум бўлди.
Эндиликда талабаларнинг таълим ва амалиёти биргаликда олиб борилади ва уларни заҳира кадр сифатида мувофиқлаштириш ҳамда назоратга олиш Маданият вазирлиги зиммасида бўлади. Энг муҳими, талабалар Наманган вилоятидаги маданият муассасалари раҳбарларига ҳам шогирд сифатида бириктирилди. Бу эса ёшларимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Улар энди соҳа ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб, Президент ишончини оқлашига ишонамиз.