Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзгидромет ҳамкорлигида «Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни»га бағишланган семинар ўтказилди. Семинарда озон қатлами ва уни муҳофаза қилиш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Бугун юртимизда атмосфера қобиғида жойлашган, ердаги ҳаёт давомийлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшадиган, ўзи юпқагина, бироқ тарқалиши ердан 10 км масофадан 50 км.гача бўлган оралиқни забт этган «озон қатлами»ни муҳофаза қилиш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Халқаро миқёсда қабул қилинган ҳужжатлар ичида Озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича Вена Конвенцияси ва Озон бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколининг дунёдаги ўрни беқиёс. Мазкур ҳужжатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар томонидан ратификация қилинган ва қўйилган талабларга асосан самарали ишлар йўлга қўйилган муҳим ҳужжатлар ҳисобланади.
2018 йилнинг 9 январида Вазирлар Маҳкамасининг «Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларни республикамизга импорти республикамиздан экспортини давлат томонидан тартибга солишни таъминланиб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига импорти ва Ўзбекистон Республикасидан экспорти учун рухсатнома олиш бўйича 2237 та электрон аризалар келиб тушган. Улардан 9 тасига рухсатнома, 2176 тасига рухсатнома талаб этилмаслиги тўғрисида хулосалар ва 52 тасига рад этиш хатлари расмийлаштирилган.
2018–2030 йиллар даврида озонни бузувчи моддаларнинг Ўзбекистон Республикасига импорти учун квоталар тасдиқланган бўлиб, 2018 йилда 58,48 тонна белгиланган бўлса, 2020 – 2029 йилларда 6,8 тоннани, 2030 йилда озонни бузувчи моддаларга квоталар ажратилиши тўхтатилиши белгилаб қўйилган.
2005 йилда озонни бузувчи моддаларнинг Ўзбекистон Республикасига импорти учун квота 883,6 тоннани ташкил қилган бўлиб, ҳозирда ушбу кўрсаткич 130 баробарга қисқарганлигини кўришимиз мумкин.
Йиғилиш муҳокама ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Мавжуд муаммоларга кўплаб ечим ва таклифлар берилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати.