Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикасида:

– Вена Конвенцияси бўйича Монреаль протоколининг мажбуриятларини бажариш юзасидан 2005-2019 йиллар даврида озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланиш миқдори 884 тоннадан 33 тоннагача камайтирилганлиги;

– Монреаль протоколининг А, В ва Е рўйхатларида, шунингдек, С рўйхати II ва III гуруҳларида кўрсатилган моддаларни импорт қилиш тақиқланганлиги;

– озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича Глобал экологик жамғарма, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф муҳит ва Тараққиёт дастурлари кўмагида ҳамда маҳаллий ташкилотлар маблағлари ҳисобидан 2000-2018 йиллар давомида республикада 9,9 млн АҚШ долларига тенг бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилганлиги;

– 2019-2024 йилларда самарали технологияларни жорий этиш орқали озон қатламини бузувчи моддаларни бутунлай истеъмолдан чиқариш бўйича 8,6 млн АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳа амалга оширилган.

Қуйидагилар:

– озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатишнинг асосий мақсадлари ва стратегик йўналишлари, чора-тадбирлари амалга оширилиши назарда тутилган Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастур;

– Миллий дастурни бажаришда давлат органлари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар, озон қатламини емириш хусусиятига эга бўлмаган самарали технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича лойиҳаларни, шунингдек, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш тадбирларидан иборат Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастурни амалга оширишнинг “йўл харитаси” тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

– Миллий дастурни амалга ошириш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш;

– озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича мажбуриятларни бажариш;

– озон қатламини бузувчи моддалар ва таркибида ушбу моддалар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг импорти ва экспортига рухсатномаларни электрон ариза тақдим этилгандан сўнг “Ягона дарча” божхона ахборот тизими, Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бериш;

– Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда озон қатламини бузувчи моддалар ва таркибида ушбу моддалар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг импорти ва экспорти назоратини олиб бориш, шунингдек, маҳсулотлар миқдорини ҳисобга олиш ҳамда уларнинг маълумотлар базаси шакллантирилиши ва юритилиши учун масъул орган этиб белгиланган.

Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.