Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, бу яққол кўзга ташланади. Хусусан, шу йилнинг ўтган январь-май ойлари учун 176,6 млн. доллар миқдорида режа прогнозлари белгиланганди, бугунги кун ҳолатига эса бу кўрсаткич 180,4 млн. долларни ташкил қилди.
Энг муҳими, экспорт маҳсулотлари тури ҳам кўпайиб бормоқда. Хусусан, ўтган йилнинг таққосланаётган даврида 514 турдаги маҳсулотлар экспортга жўнатилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 582 хилга тенг бўлиб, маҳсулотлар сони 68 тага кўпайди.
Буларга мисол сифатида этил спирти, маиший рўзғор буюмлари, турли хилдаги кўзойнаклар, гиламлар, аёллар ва эркаклар пойабзаллари, қурилиш материаллари ва энг қувонарлиси, газоблок маҳсулотларини келтириш мумкин. Ваҳоланки, ўтган йилларда газоблок маҳсулотлари вилоятга катта миқдорда импорт қилинарди. Уларни катта ҳажмда ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги натижасида бундай имкониятга эришилди.
Агар экспорт қилинаётган маҳсулотлар улушига эътибор қаратадиган бўлсак, хомашёга нисбатан тайёр маҳсулотлар ўсиб бораётганлигини кўриш мумкин. Жумладан, текстиль маҳсулотлари ўтган йилнинг мос даврида 58,1 млн. доллар (жами экспортга нисбатан 47,9 фоиз, шундан хомашё 50 фоиз, ярим тайёр маҳсулот 8 фоиз ва тайёр маҳсулот 42 фоиз)ни ташкил этган бўлса, жорий йилда эса кўрсаткичлар 65,0 млн. доллар (жами экспортга нисбати 55,7 фоиз)дан иборат бўлди. Яъни шундан хомашё маҳсулотлари 43 фоиз, ярим тайёр маҳсулот 10 фоиз, тайёр маҳсулот 47 фоизга тенг.
Бундан ташқари, сабзавот маҳсулотлари 16,8 фоиз (7 фоизга ошган), пахта целлюлозаси 5,6 фоиз (2 фоизга кўпайган) ошди. Бундай ижобий ҳолатни бошқа маҳсулотлар мисолида ҳам кузатиш мумкин.
Шунингдек, вилоят экспорт географияси ҳам кенгайиб бормоқда. Масалан, ўтган йил давомида экспорт қилинаётган мамлакатлар жами 58 тани ташкил этган бўлса, жорий йилда улар сони яна 4 та давлатга кўпайди. Жумладан, Португалия, Руминия, Аргентина ва Венгрия қўшилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, экспортёр корхоналар сони кўпайганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, шу йилнинг ўтган даврида уларга яна 92 та янги корхона қўшилди (72 та саноат, 27 та қишлоқ хўжалиги) ва жами экспортёр корхоналар сони 576 тага етди. Янги жалб этилган корхоналар томонидан 38,2 млн. доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди.