Иқтисодчиларнинг фикрича, кўчмас мулк ва автомобиль бозорларидаги талабнинг ўзгариши иқтисодий тикланишнинг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади, чунки узоқ муддат ишлатиладиган товарларга бўлган талаб истеъмолчилар кайфиятини жуда яхши акс эттиради.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари томонидан коронавирус пандемиясининг кўчмас мулк ва автомобиль бозорларига таъсири таҳлил қилинди.

 Кўчмас мулк бозоридаги ҳолат

Коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ карантин чекловлари жорий этилгунга қадар республикамиз кўчмас мулк бозорида талаб ҳар ойда ўртача 6-7 фоиз ошиб борган. Тошкент ва Тошкент вилоятидаги кўчмас мулк бозорларидаги савдолар умумий бозор ҳажмининг 40–45 фоизини ташкил этган.

Апрель ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб локдаун жорий қилинди. Бу эса кўчмас мулкка бўлган талабнинг 2019 йил шу даврига нисбатан 87,1 фоиз (Тошкент вилоятида 94,2 фоиз ва Тошкент вилоятида 89,8 фоиз) камайишига олиб келди. Май ва июнь ойларида республика бўйича кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони мос равишда 25,9 фоиз ва 135,2 фоиз юқорилаб кетди. Қисқа вақт ичида савдо амалиётларининг сезиларли даражада ўсиб кетиши, бир томондан, доимий рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирилиши, иккинчи томондан, май ойидан бошлаб карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилиши билан изоҳланади.

 Шартномалар кўпайишига нима таъсир қилди?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 апрелдаги «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг қабул қилиниши билан май ойида 2019 йилнинг тегишли даврига нисбатан кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони Тошкент шаҳрида 148,7 фоиз, Тошкент вилоятида 26,5 фоиз ўсди. Июнь ойида ушбу кўрсаткич мос равишда 257,5 фоиз ва 190,7 фоизни ташкил этди. Шуниси қизиқарлики, айнан шу даврда кўчмас мулк савдосининг ўсиши Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги уйларнинг нархларига деярли таъсир қилмади. Бу, асосан, илгари бошқа шахслар номига расмийлаштирилган уйларнинг ҳақиқий эгалари номига ўтказилиши билан изоҳланади.

2020 йилнинг сентябрига келиб, кўчмас мулк бозорида талаб яна ўзининг узоқ муддатли трендига қайтди. Хусусан, сентябрь ойида кўчмас мулк олди-сотдилари сони ўтган ойга нисбатан 24,2 фоиз (2019 йилнинг мос даврига нисбатан 41,7 фоиз), октябрь ойида – 1,7 фоиз (24,8 фоиз), ноябрь ойида -0,5 фоиз (22,9 фоиз) ва декабрь ойида – 20,9 фоиз (-17,1 фоиз) ошди.

 Автомобиль бозори

Одатда, республикада бирламчи ва иккиламчи бозорларда автомобиль савдосининг ойлик ўсиши ўртача 2-3 фоизни ташкил этади. 2020 йилнинг март ойи ўрталаридан қатъий карантин тадбирлари жорий этилиши натижасида март ойида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 фоиз (ўтган ойга нисбатан 34,6 фоиз), апрель ойида эса 73,8 фоиз (63,1 фоиз) камайди.

Май ойидан бошлаб автомобиль бозоридаги вазият яна тиклана бошлади. Хусусан, июнь ойида автомобил савдоси 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 14,8 фоиз ошди. Лекин 10 июлдан 15 августгача карантин тадбирларининг қайта жорий этилиши натижасида июль ойида автомобиль бозоридаги фаолият май-июнь ойларига нисбатан бироз сусайди. Хусусан, мазкур ойда рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг июль ойига нисбатан 20,2 фоиз камайди. Шундай бўлса-да, август ойида автомобиль савдоси ҳажми 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 фоиз ўсди (ўтган ойга нисбатан 54,3 фоиз).

Сентябрь-октябрь ойларида ҳам автомобиль бозоридаги талаб ўсишда давом этди. Сентябрь ойидаги савдолар олдинги ойга нисбатан 0,5 фоиз (2019 йил сентябрь ойи билан таққослаганда 29,5 фоиз) ошди. Октябрь ойида ўсиш суръати сентябрь ойига нисбатан 2 фоиз (2019 йил октябрь ойига нисбатан 19,2 фоиз)ни ташкил этди. Ноябрь-декабрь ойларида бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан бироз (мос равишда 1,7 фоиз ва 1,9 фоиз) пасайди. Бироқ 2019 йилнинг тегишли даври билан таққослаганда, савдолар ҳажми ноябрь ойида 9 фоиз ва декабрь ойида 10 фоиз ошди.

 Автомобиллар сонининг ўзгариши

Умуман олганда, 2020 йилда автомобиль савдоси ҳажми 2019 йилга нисбатан 2,5 фоиз камайди. Бу март, апрель ва июль ойларида автомобиль савдосининг кескин пасайиши билан изоҳланади.

Шунга қарамасдан, 2020 йил август ойига келиб, кўчмас мулк ва автомобиль бозорларидаги вазият ўзининг узоқ муддатли трендига қайтгани аҳоли талабининг тикланиб бораётганини кўрсатмоқда.

Халилуллоҳ ҲАМИДОВ,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

бош илмий ходими