Бир ҳафта аввал озуқа излаб Паркентнинг "Сўқоқ" қишлоғи "Тосар" ҳудудидаги "Сўқоқ Лазиз Соли" фермер хўжалиги ер майдонларига келиб қолган Тян-Шан қўнғир айиғи аҳоли яшаш пунктига тушиб келган ва фермер хўжалигига тегишли бўлган 2 бош қўйни олиб кетган. Бир бош қўйни эса ярадор қилган.
Мурожаатга асосан Тошкент вилояти экология бошқармаси Паркент тумани бўлими ходимлари ва "WILDLIFE" зопитомниги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига бориб, ҳолатни ўрганди. Ўрганиш натижасида "Сўқоқ Лазиз Соли" фермер хўжалиги ер майдонида қўйларга мўлжалланган қўра ёғочлари синганлиги маълум бўлди.
Ушбу ҳудудда дала шийпонларида яшовчи 4 та оила 30 дан ортиқ қора мол, қўй ва эчкилари билан ўзларининг яшаш хонадонларига кўчирилди.
21 сентябрдан бошлаб айиқ тушиб келган ҳудуд Паркент тумани экология бўлими, "WILDLIFE" МЧЖ ходимлари ҳамда Паркент тумани ИИБ нозирлари томонидан доимий назорат қилинмоқда.
Ҳозирча ҳеч қандай айиқ ёки бошқа ёввойи ҳайвонлар кузатилмади.