Фуқаролик жамияти институтлари давлатнинг ижтимоий шериги сифатида аҳолини кенг қатламларининг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлашга, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга, демократик ўзгаришлар жараёнига янада кенг жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Айниқса, аҳолининг кенг қатламларини моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш ҳамда долзарб муаммоларни самарали бартараф этишда ННТ ва фуқаролик жамиятининг муносиб ўрни бор.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг  йиғилиши бўлиб ўтди.

 Йиғилишда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ва фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг 2022 йилда амалга оширган ишлари ҳисоботи кўриб чиқилди.

2022 йилда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг дастур ҳамда лойиҳаларини 97 миллиард 755 миллион сўм миқдорида давлат грантлари, ижтимоий буюртмалари ва субсидиялари шаклида қўллаб-қувватлаш амалга оширилди.

Тасдиқланган дастурлар ҳамда аниқ натижага йўналтирилган бюджет тамойили асосида қуйидаги ишлар бажарилди. Хусусан:

Давлат грантлари шаклида қўллаб-қувватлаш дастури ижроси

Давлат грантларининг 5 та танлови маънавий-маърифий ва ижтимоий-иқтисодий муҳит нисбатан оғир бўлган маҳаллаларга ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини жалб қилган ҳолда муҳим ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш учун танловлар ўтказилди. Танловларга ННТ ва фуқаролик жамияти бошқлар инстиутлари томонидан 1 224 лойиҳалар тақдим этилди. Парламент комиссиясининг қарорларига мувофиқ 160 та лойиҳа 12 миллиард сўмга молиялаштирилди.

Давлат ижтимоий буюртмаси дастурининг ижроси

 Давлат ижтимоий буюртмаси шаклида таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, коммунал хўжалиги ва бандлик каби соҳаларда давлат органларининг 17 та ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари ва дастурлари учун ажратилган 14 миллиард сўм маблағларни нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида танлов асосида жойлаштириш мақсадида Парламент комиссиясининг томонидан давлат ижтимоий буюртмаси танловлари эълон қилинди.

Давлат ижтимоий буюртмаси 17 та лойиҳаси 14 миллиард сўмга молиялаштирилди.

Лойиҳалар бўйича қуйидаги тадбирлар амалга оширилмоқда.

- Хоразм ва Жиззах вилоятининг 20 та узоқ маҳалласида 900 нафар хотин-қизларнинг касбий кўникмаси оширилади ва бандлиги таъминланади;

-“Биз биргамиз” шиори остида ногиронлиги бўлган 3859 нафар шахсларнинг ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиши учун шарт-шароит яратилади;

- Хоразм вилоятининг 12 та маҳалласида “воркаут” майдончалари ва “Саломатлик мактаби” ташкил этилмоқда;

- Нукус, Термиз, Гулистон ва Бухоро шаҳарларидаги 8 та МФЙларида чиқиндиларни тўплаш ва саралаш жойлари ташкил этилмоқда;

- Жиззах вилоятининг Зомин тумани “Бешкуби” маҳалласида яшовчи 6 612 нафар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Давлат субсидияси шаклида молиялаштириш дастури ижроси

2022 йилда 36 та йирик жамоат ташкилотининг, шу жумладан, 14 та миллий маданий марказнинг устав фаолияти ва йиллик иш режаси ижросига 71 миллиард 755 миллион сўм йўналтирилди.

Парламент комиссияси аъзолари томонидан ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларда 30 маротаба “маҳорат дарслари” ўтказилди.

Фуқаролик жамияти институтларига, “Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари”га, маҳаллий жамоат фондларига “ZOOM” платформаси орқали 26 маротаба  услубий ёрдамлар ва семинарлар ўтказилди.

Парламент комиссияси, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди Тошкент шаҳрининг 31 та маҳалласида ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этишга кўмаклашиш борасида тизимли ишлар олиб борди.

Йиғилишда 2023 йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаол иштирокини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ННТларни давлат органлари билан ижтимоий шерикликдаги ҳамкорлигини чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ўрганиш, худудий дастурларни ижросига алоҳида эътибор қаратиш, ННТ ва фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий муаммоларни давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар шаклида ҳал этишга кўмаклашиш, амалга оширилаётган ишларни ОАВларида кенг ёритиш каби вазифалар киритилган.

Парламент комиссияси томонидан 2022 йилда давлат субсидияси  шаклида қўллаб-қувватланган дастурларни амалга оширилганлиги бўйича мониторинг ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Парламент комиссияси бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди ва тегишли қарорларни қабул қилди.

 Олий Мажлис ҳузуридаги

жамоат фонди ижро девони