«Адолат» СДП Матбуот хизматининг хабарида айтилишича, бугунги ёш авлоднинг «Тик-токер» лик васвасасида олаётган турли-туман видеолари орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрларнинг ҳам кўпаяётганлиги мазкур масалага жиддийроқ ёндашишимиз лозим.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган кўчада кетаётган кишини тепган Самарқандлик йигит видео тасвири ҳам шулар сирасидандир. Бирон бир сабабсиз, шунчаки ижтимоий тармоқ «юлдузи» бўлиш илинжида қасддан қилинган ушбу тажовузкорлик, кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳеч қандай омил ёши улуғ инсонларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишга сабаб бўла олмайди. Бундай ҳолатлар миллатимиз, маънавий-маданий қарашларимизга тамомила зид тушунчалардир.

Азал-азалдан ёшларни катталарга ҳурмат, кичикларга иззат руҳида тарбиялаб келадиган халқимиз орасида қадриятларимизга ёт бўлган бундай хунук одатлар авж олиб бораётгани ғоятда ачинарлидир. Мазкур воқеа юзасидан олиб борилган тезкор суриштирувлар натижасида видеодаги ҳолатни содир этган йигитлар Самарқанд шаҳридаги 45-мактабнинг 8-синф ўқувчилари эканлиги аниқланиб, вояга етмаган йигитларнинг ота-оналарига нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Бир болага етти маҳалла ота-она, - дейди доно халқимиз. Ён-атрофимизда содир бўлаётган бундай аянчли воқеалар кўпайиб бораётганига қайсидир маънода бебош ёшларнинг ота-оналари баробарида биз ҳам бирдек жавобгар эмасмизми? Бундай иллатларга биргаликда курашмас эканмиз, пана-паналарда майда безориликлар авж олиб бораверади. Умуман олганда бундай ҳолатларни майда безорилик деб ҳам атаб бўлмайди. Қадриятларимизга зид қарашлар ортидан эргашаётган фарзандларимизнинг бундай хунук хатти-ҳаракатларини шунчаки ёшлик бебошликларига ёйиб юраверар эканмиз, юртимиз ва давлатимиз ёрқин келажагини жиддий хавф остига қўйган бўламиз.

Биз «Адолат» cоциал-демократик партияси фаоллари зўравонликка тамомила қарши инсонлар сафида туриб, юртимиз равнақи йўлида халқимизнинг ўлмас, бебаҳо қадриятларига ҳамоҳанг тарзда, ёшларимизни миллатимизга ёд бўлган ҳар қандай ғоя ва қарашлардан ҳимоялаш тарафдоримиз. Бундай шарафли йўлда керак бўлса жиноий жавобгарлик чораларини кучайтиришимиз, фойдасидан кўра зиёни кўп бўлаётган интернет тармоғидаги тик-ток сингари мобил иловаларни содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда бутунлай блоклашимиз лозим. «Шусиз ҳам тақиқлар мавжудку» дейишимиз мумкин. Бироқ кўр-кўрона машҳурликка ўч ёшлар онгини заҳарлаб, ижтимоий тармоқда шуҳрат қозонишга «олтин кўприк» вазифасини ўтаётган тик-ток билан «тик-токерлар»имиз VPN иловаси орқали уланиш имконияти борлиги бу масалани ҳам ўрганиб чиқиш зарурлигини кўрсатади.

Хасталикни даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал. Шундай экан беркитаётган касаллигимизни иситмаси ошкор қилиб турган бир вақтда ҳақиқатга тик боқайлик. Токи кун келиб арзимасдек кўринган ярамиз катталашиб, бутун бошли танамизни еб битирмасин", дейилади хабарда.