Маълум қилинишича, коррупцияга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари ва Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман суди судьяси 300 АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тергов маълумотларига кўра, мазкур суднинг 2022 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан, 1989 йилда туғилган аёлнинг 2022 йилда туғилган фарзанди вояга етгунига қадар 1983 йилда туғилган фуқародан алимент ундириш белгиланган.

Кейинчалик жавобгар томон қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисида ФИБ Пастдарғом туман судига ариза билан мурожаат қилган. Ушбу ариза судья иш юритувига келиб тушгач, жорий йил 27 февраль куни 2022 йилдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, ишни мазмунан қайта кўриб чиқиш 11 март кунига белгиланган.

Шу билан бирга, судья ишни даъвогар фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига ундан 300 АҚШ доллари талаб қилгани маълум бўлган.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан мазкур судьяга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.