Ушбу ҳужжат билан пахта тозалашда янги техника ва технологиялар, энергияга тежамкор машиналар ва асбоб-ускуналар яратиш, пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда илмий-инновация фаолияти натижадорлигини ошириш кенг йўлга қўйилади.

Шунингдек, қарор билан “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгашининг  илмий- тадқиқот органи этиб белгиланди.

Қарорга мувофиқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Марказ моддий-техника базаси ва етакчи олимларининг салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг базавий кафедралари филиалларини Марказда ташкил этиш чораларини кўради.

Бундан ташқари, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларининг тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари талабалари учун Марказ базасида ўқув ва амалиёт дарслари ташкил этилади. Шунингдек, уларнинг битирув-малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари тадқиқотларини олиб бориш йўлга қўйилади. Марказнинг етакчи олимлари битирув-малакавий ишлари, магистрлик ва докторлик диссертацияларига илмий раҳбарлик ишларига жалб этилади.