Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси, малака ошириш ҳудудий маркази, “SILK ROAD international Academy in Samarkand” ҳамда “Маърифатпарварлар” жамияти Самарқанд вилояти бўлими ҳамкорлигида ўқитувчиларнинг дам олиши ва саломатлигини тиклаши билан бирга, уларнинг малакасини ошириш мақсадида “Ҳаёт давомида ўқиш тамойили – амалда” шиори остида махсус курслар ташкил этилмоқда.

“Маърифатпарварлар” жамияти қошидаги “Устоз” сиҳатгоҳида ушбу малака ошириш курсларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева, Самарқанд давлат университети ректори профессор Рустам Халмуродов сўзга чиқди. Халқ таълими соҳасидаги муаммо ва камчиликлар, педагоглар билимидаги муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг ижобий ечимларига тўхталишди.

Дарҳақиқат, амалга оширилаётган ушбу ташаббус орқали педагоглар Оқдарёдаги “Устоз” сиҳатгоҳида 10 кун дам олиш ва даволаниш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, ўз фани бўйича малакали тренер-ўқитувчилардан 72 соатлик маҳорат дарсларини ўзлаштиришади, дея хабар беради Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.

Лойиҳа доирасида жорий йилнинг 19 июнидан 24 сентябрига қадар жами 180 нафар фан ўқитувчилари босқичма-босқич малака ошириши ҳамда дам олиши кўзда тутилган.