Ҳозирда туманда жами 3-7 ёшли болалар сони 10 минг 652 нафарни ташкил этаётган бўлса, улар учун 40 та давлат, 3 та давлат хусусий шериклигидаги нодавлат, 1 та хусусий ва 86 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти рисоладагидек қуриб битказилган ва талаб даражасида фаолият юритмоқда. Умуман, бугунга келиб ҳудудда жами 131 та мактабгача таълим ташкилотида 7 минг 309 нафар жажжи бола қамраб олингани тармоқда эришилаётган салмоқли ютуқлардан, албатта.
Мактабгача таълимга болалар қамровини ошириш мақсадида жойларда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ва тарғибот ишлари натижасида Республика Мактабгача таълим вазирлиги қўллаб-қувватлаши туфайли шу йилнинг ўзида 14 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилмоқда. Бугун “Чибоғони” МФЙ да 30-сонли мактабгача таълим ташкилоти янгидан қуриб, фойдаланишга топширилгани ҳам ҳудуд аҳолиси ва бундаги юздан ошиқ оила учун байрамга айланди.
Замонавий болалар боғчасини фойдаланишга топшириш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар иштирок этиб, барча йиғилганлар, жамоатчилик вакиллари ва Чибоғони аҳолисини болажонлар камолоти учун хизмат қиладиган муҳташам мактабгача таълим ташкилоти билан самимий муборакбод қилдилар. Алвон лента кесилгач, тадбирда йиғилганлар муассасада яратилган қулайлик ва шарт-шароит билан яқиндан танишди, деб хабар беради Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.