“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан соҳани рақамлаштириш орқали тўлов интизоми ва маданиятини яхшилаш, шунингдек, етказиб берилаётган ичимлик суви ва кўрсатилаётган оқова сув хизматлари учун тўловларнинг шаффофлигини янада ошириш орқали коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида 2021 йил 20 майидан бошлаб пилот лойиҳаси асосида Тошкент вилоятининг Қибрай ва Тошкент шаҳрининг Олмазор ҳамда Шайхонтоҳур туманларида сув таъминоти корхоналарининг назоратчилари томонидан хизматлар учун аҳолидан пул ундириш ишлари тўхтатилган эди.
Ушбу ҳудудларга бириктирилган назоратчилар фақат белгиланган тартибдаги кузатув ва хатлов ишлари билан шуғулланиб, улар тасарруфидаги тўлов терминаллари ва термопринтерлар бошқа ҳудудларга бириктирилди.
Етказилган ичимлик суви ва кўрсатилган оқова сув хизматларидан келган тушумлар миқдори жорий йил январ-октабр ойларида 1,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 519 млрд. сўм ёки 71 фоизга ошди.
Ушбу ижобий тенденсиядан келиб чиқиб, жорий йил август-ноябр ойларида республикамизнинг 32 та туман ва шаҳарларида ҳам ушбу лойиҳа амалда татбиқ этилган эди.
Жорий йил 1 декабрдан бошлаб эса бундай тартиб республикамизнинг яна 35 та туман ва шаҳарларида, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Мўйноқ туманларида, Андижон вилоятининг Асака тумани ва Хонобод шаҳрида, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида, Жиззах вилоятининг Зафаробод, Фориш ва Ғаллаорол туманларида, Қашқадарё вилоятининг Қарши ва Деҳқонобод туманларида, Наманган вилоятининг Поп ва Тўрақўрғон туманларида, Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида, Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Бандихон туманларида, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ ва Қуйичирчиқ туманлари, Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Янги ҳаёт туманларида, Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарлари, Хоразм вилоятининг Шовот ва Тупроққалъа туманларида жорий этилади.