Айниқса, Янги йил арафасида бу авж олади ҳар йили. Республикамизда ушбу байрамни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида профилактик назорат ишлари олиб борилмоқда. Андижон вилоятида ҳам “Тозалаш-Антитеррор” махсус тезкор-профилактик рейди ўтказилди. Натижа қандай?
Одамлар кўчада юрагини ҳовучламай, эркин юришлари керак
Изғиринда кўчага чиқишга одам наинки эринади, балки ҳайиқади ҳам. Шундай эмасми? Нафақат ўқувчилар, балки бир оилага тиргак бўладиган даражада улғайганлар ҳам баъзан пиротехника воситалари билан ўйнашадики, инсон саломатлиги, хавфсизлиги кўзига кўринмаганидан ёқа ушлайди киши. Болалар катталардан ўрнак олади. Аммо катталарчи? Одамлар кўчада айни байрам арафасида эмин-эркин юриши керак эмасми?
– Шуни алоҳида таъкидлаш керак, рейд давомида пиротехника воситалари йирик айланма савдосининг олди олинди. Яъни Бўстон тумани ҳудудидан ўтувчи А373 автомобил йўлининг “Андижон-Тошкент” йўналишида йўл четида турган 21 ёшли фуқаро Б.С. ҳамда 35 ёшли фуқаро Ж.С.га тегишли иккита “Ласетти” автомобиллари холислар иштирокида кўздан кечирилган. Aвтомобилларнинг салон қисми ва юкхонасида 23 ёшли фуқаро С.А.га тегишли бўлган, хорижда ишлаб чиқарилган “7SHOTS” номли 67 дона, “Золотой песок” номли 264 дона, “КОРСАР” номли 750 қути (ҳар бир қутида 60 донадан), “9D” номли 11 дона, умумий нархи 1100 АКШ долларлик пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Яна бир ҳолат, Олтинкўл туманида яшовчи 2005 йилда туғилган фуқаро А.Н.нинг сумкаси назорат тартибида холислар иштирокида кўздан кечирилганида ундан 11 та қутида 679 дона “Британик” номли пиротехника воситалари, 1991 йилда туғилган фуқаро А.Р ўзининг автомашинаси юкхонасидан эса 28 та қутида 1680 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди ва бунга кўра тегишли чора кўрилди. – дейди Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи, катта лейтенант Шерзодбек Нуриддинов.
Беморлар асосан ўсмирлар
Албатта, ҳали бу пақилдоқлар машмашаси тугади дегани эмас. Байрам олдинда. Ҳуқуни ҳимоя қилувчи ходмлар билан бир қаторда шифокорлар ҳам огоҳ бўлишга чақиради. Мутахассисларнинг фикрига кўра, пиротехника воситалари ёнганида нафақат қўл ва кўз куйиши мумкин, балки қулоқ пардаси ёрилиши, юз соҳасида тиртиқ қолиши каби хавфи ҳам бор.
– Пиротехника ҳиди ҳам астмани қўзитади. Биз билгандан ҳам зиёни кўп бу нарсанинг. Вилоятимизда пақилдоқлардан куйган беморларни асосан 11-12 ёшли болалар ташкил этади. Яна бир эътиборли жиҳат, қиз болаларда куйиш бўйича мурожаатлар ўғил болаларга қараганда кўпроқ. Масалан, яқинда бир беморнинг онаси мурожаат қилди. Қизи мактабдан қайтаётганида болалар пақилдоқ отган ва пақилдоқ қизнинг пальтоси ёқасига илашиб қолган. Натижада пиротехника воситаси чақнаганда қизнинг қулоқ соҳаси шикастланган. Аммо кийим қалин бўлгани сабаб пиротехника юз ва қулоқ қисмини шикастлаган бўлса-да, қулоқ пардаси ёрилмаган. Акс ҳолда қизча кар бўлиб қолиши ҳам ҳеч гапмас эди…
Албатта, ҳозирча пиротехникадан куйган беморлар аввалги йиллардан кам. Аммо байрам ҳали олдинда. Шу сабаб ота-оналар болаларига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътиборли бўлиши керак. Яъни одоб ва тартиб-интизомга чақириши, пиротехниканинг зиёнини тушунтириши керак. Зеро, болалар бошқалардан ҳам кўра ота-онасига кўпроқ қулоқ солади, улардан ўрнак олади. – дейди Пўлатжон Шарапов, гомосэолог.
Пиротехника – умр заволи. Наинки саломатликка, балки руҳиятга-да етказилган жароҳатнинг битиши қийин. Ҳатто баъзан имконсиз. Пақилдоқдан омон қолган тақдирда ҳам киши ногирон бўлиб қолиши турган гап. Шундай экан, Янги йилни яхши кайфиятда, хавфсизликда кутиб олиш сизу бизнинг – ўзимизнинг қўлимизда.
Юлдуз ЎРМОНОВА