Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари саломатлигида ўзгариш бўлганлиги сабабли тиббиёт бирлашмаларининг юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилинган.
Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга «Ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсик-инфекцияси» ташхиси қўйилиб, зарурий муолажалар амалга оширилган ҳамда шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб бериб юборилган. Оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.
Мазкур вазият дарҳол Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан назоратга олиниб, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ўрганиш ишлари бошланган.
Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб келинган 3,2% ли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Тиббий ёрдамга мурожаат қилган беморлардан олинган таҳлиллар ҳамда истеъмол қилинган озиқ-овқатлар намуналари тегишли лабораторияларда текширувдан ўтказиляпти. Қайд этилган ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом этяпти.
Ўрганишлар якунларига кўра, ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар берилади.