Маҳаллаларнинг ўзига хос “ўсиш нуқталари” — драйверларини белгилаш бугун аҳоли бандлиги ва доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлашда яхши самара бермоқда. Мутасаддилар кўмагида одамлар ўзи қизиққан тармоқ атрофида бирлашиб, “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида ҳам яшаш жойини ривожлантириш, ҳам ўзи ва атрофдагиларни иш билан таъминлашга ҳисса қўшяпти.
Пискент тумани “Ғайрат” маҳалласи аҳолиси қадимдан томорқасида қулупнай етиштириб келган ва бу борада катта тажрибага эга. Ҳудуднинг “ўсиш нуқталари” белгилаб олингач, аҳоли бандлигини ошириш мақсадида 20 гектар ер узумчилик, 10 гектар ер лимончилик ҳамда 10 гектар ер майдони қулупнай етиштириш учун ажратилди.
Туман ҳокимлиги ташаббуси билан баҳор фасли охирларида 10 гектар майдонда қулупнай етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жараён бошлаб юборилди. Август ойи ўрталарида қуриб битказилган ҳар бири 10 сотихлик иссиқхоналарга кўчатлар экилиб, замонавий томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди. Лойиҳага кўра, ушбу иссиқхоналарда етиштириш учун Кореянинг серҳосил ва чидамли “Солл хянг” қулупнай нави танланди. У деҳқонга бир йилда уч мартагача ҳосил олиш имконини беради. Айни пайтда тайёр иссиқхоналар тумандаги асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатга олинган фуқароларга 10 йил фойдаланиш муддати билан 3 йиллик 14 фоизли имтиёзли кредит асосида берилмоқда.
— Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Тошкент вилоятини ривожлантириш дастурига кўра, маҳаллаларнинг ихтисослашув йўналишларини аниқлаш ва янги тадбиркорликни, шу жумладан, “драйвер” лойиҳаларни амалга оширишда ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ўсишини таъминлаш асосий вазифалар сифатида белгиланган, — дейди туман ҳокими маслаҳатчиси Шерзод Камалов. — 102 минг аҳоли истиқомат қиладиган Пискент тумани аграр соҳага ихтисослашган. Одамлар асосан боғдорчилик, узумчилик, чорвачилик билан шуғулланади. Масалан, “Бир маҳалла — бир махсулот” тамойили асосида “Навоий” маҳалласида булғор қалампири, “Бекобод”, “Мингтепа”, “Янгиобод” маҳаллаларида узумчилик, “Култепа” маҳалласида картошка етиштириш йўлга қўйилган. Сўнгги йилларда бошқа йўналишлар ҳам ривожланмоқда. Жумладан, “Бекобод” МФЙда 40 дан ортиқ хонадонда қўшнилар биргаликда тикувчилик билан шуғулланяпти. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида хотин-қизлар хонадон ва маҳалла идораси атрофида мини цехлар ташкил этган. Туманда 159 нафар одам 2 миллиард 856 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, 300 дан ортиқ киши иш билан таъминланди. 200 дан зиёд тикув машиналари ҳомийлик ҳисобидан тарқатилди. Бу орқали юзлаб фуқаролар ишлик бўлди. “Ғайрат” маҳалласида амалга оширилаётган қулупнай етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар қуриш лойиҳаси ҳам аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган.
Лойиҳага кўра, илк босқичда 100 та иссиқхона қуриш кўзланган бўлиб, бугунга қадар 60 таси битказилди. Ҳозирда 40 нафар ишсиз фуқаро ушбу иссиқхоналарни ижара шартномаси асосида олиб, ерга дастлабки ишловни бермоқда. Иссиқхоналардан бирига талабгор бўлган Баҳодир Охунжоновнинг қулупнай кўчатлари эса илк гулларини ҳам чиқарди. “Майлобод” маҳалласида яшовчи бу йигит иссиқхонада ишлаш учун ҳар куни 1,5 километр масофа йўл босиб келишдан оғринмайди. Боиси, аввалига янгилик бўлган бу машғулот ҳозир унинг ўзига ҳам завқ бағишламоқда.
— Ёшим 33 да, оилалиман, — дейди Баҳодир. — Ишсиз бўлганим сабабли рўзғор тебратишда қийналиб қолдим. Ёрдам сўраб, туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Аввалига, моддий ёрдам сўрадим. Бироқ мутасаддилар қулупнай етиштиришнинг фойдаси, яратилган имконият ҳақида сўзлаб беришганидан кейин бу ишга қизиқиб қолдим. Ўзлари экиб, парваришлашни ўргатишди. Насиб этса, илк ҳосилнинг ўзидан кредит тўловини ёпиш ниятидаман.
Мутасаддилар жойларда аҳоли билан учрашиб, қулупнай етиштиришнинг афзалликлари, олинадиган даромад ҳақида маълумотлар беряпти. Жараёнга жалб этилган мутахассислар агротадбирларни олиб бориш ўз тавсияларини аямаяпти. Ахир, иссиқхонага экилган янги қулупнай навини парваришлашни ҳамма ҳам бирданига уддалай олмайди-да.
Бу билан ушбу нав анча инжиқ, бизнинг шароитга мослашиши қийин, демоқчи эмасмиз. Аксинча, уни тўғри парваришлаб, йўл-йўриғига амал қилган деҳқон одатдагидек фақат қулупнай мавсумида эмас, балки йилда уч марта ҳосил олиб, яхшигина даромадга эга бўлиши мумкин. Қишнинг қаҳратон совуқларида ҳам бозорларни безаб турадиган бу қулупнайнинг ҳаридорлари доим топилади.
Яна бир қулайлиги, мазкур нав совуқсевар бўлгани боис, уни етиштиришда иситиш тизимидан фойдаланиш талаб этилмайди. Баҳордан то куз фаслининг ўрталаригача иссиқхона усти очиқ туради. Совуқ мавсум тушганда эса уч қаватли плёнка билан ёпилади. Мутахассисларнинг айтишича, мана шу иссиқликнинг ўзи қулупнай учун етарли бўлади. Гап шундаки, ушбу нав ниҳоятда чидамли бўлиб, кетма-кет 20 кун минус 5 градусда турса ҳам, музлаб қолмайди.
Юртимиз шароитида секин-аста оммалашаётган “Солл хянг” қулупнай нави бир ҳосилга кирганида 2 ойгача мева беради. Лойиҳа ташаббускорлари иссиқхонадан бир йилда камида 50—100 миллион сўм даромад олиш мумкинлигини таъкидламоқда. Демак, иссиқхонада меҳнат қилган киши ўзи ва оиласини моддий таъминлаш баробарида, юртдошларимиз дастурхонига йил давомида қулупнай мевалари етиб боришига ҳисса қўшади.
Ушбу даромадли лойиҳани аҳолининг талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда, вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом эттириш кўзда тутилган.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири