Жамиятнинг ҳудудлардаги раислари томонидан тақдим этилган ҳисобот- ахборотда ногиронлар учун яратилиши мўлжалланган қўшимча иш ўринлари, ишлаб чиқариш ҳажми, давлат харидлари йўналишидаги лойиҳалар ҳажми, маданий-маърифий ташаббуслар амалиётга қай даражада тадбиқ этилаётгани каби масалалар кўтарилди.
Жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатлари борасида таклифлар билдирилди. Ҳукумат қарорлари ва уларнинг жойлардаги ижроси таҳлил қилинди.
Пленумда ногиронлиги бўлган фуқароларга қўшимча иш ўринлари яратиш масаласи алоҳида таъкидланди. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, энг яхши тажрибаларни оммалаштиришга келишиб олинди.
Тошкент шаҳар кўзи ожизлар жамияти тасарруфидаги ишлаб чиқариш корхоналари янги технологик ускуналар билан таъминланиб, такомиллаштирилаётгани эътироф этилди. Масалан, 160 метр чуқурликдаги табиий тоза сувни айни пайтда 100 нафардан зиёд кўзи ожиз ногиронлар қўл меҳнати билан замонавий ускуналар воситасида қадоқлаяпти.
Маълумотларга қараганда, айни кунда 800 минг нафарга яқин ногиронлиги бўлган фуқаро бор, уларнинг 400 мингдан ошиғи ишга лаёқатли. Республикамизда эса 500 мингдан ортиқ катта-кичик хусусий корхона фаолият кўрсатади. Ҳар бир корхона агар 1 нафар ногиронлиги бор одамни иш билан таъминласа, бирорта ҳам ногирон ишсиз қолмайди.
Эслатиб ўтамиз: Америкадаги Boeing компаниясида ногиронлар учун алоҳида цех мавжуд. Россияда 300 нафардан ортиқ ногирон тезкор хизматлар тизимида оператор вазифасида ишлайди. Тошкентда клик компаниясининг бир нафар оператори ҳам кўзи ожиз ногирон.
Ўзбекистон Республикаси кўзи ожизлар жамияти бошқаруви.