Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Telegram орқали ноқонуний савдо фаолиятини ташкил этган уч нафар шахснинг жиноий ҳаракатларига барҳам берилди. Бу ҳақда пойтахт ички ишлар органлари маълум қилди.

Тергов маълумотларига кўра, Юнусобод тумани ҳудудида яшовчи 28 ёшли А., 24 ёшли Ш. ҳамда Т. исмли фуқаролар махсус электрон платформа орқали тақиқланган моддалар муомаласини йўлга қўйган. Уларни ушлаш жараёнида бир нечта мобил қурилмалар, ноутбуклар, банк карталари, SIM-карталар ҳамда моддий далил сифатида турли моддалар мусодара қилинган.

Рақамли қурилмалар таҳлили натижасида айрим гумонланувчилар томонидан электрон ҳамёнлар орқали ўн минглаб молиявий операциялар амалга оширилгани аниқланиб, криптоактивлар айланмасининг умумий қиймати миллионлаб долларга тенг экани маълум бўлган.

Қўшимча равишда, тезкор-қидирув ишлари доирасида гумонланувчилардан бирининг яшаш жойи кўздан кечирилиб, у ердан катта миқдорда кучли таъсир кўрсатувчи дори воситалари топилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича криптоактивлар айланмасига оид қонунчиликни бузиш, жиноий йўл билан топилган даромадларни қонунийлаштириш ҳамда тақиқланган моддалар муомаласи билан боғлиқ жиноят аломатлари асосида жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.