Саммит дастуридан халқаро миқёсдаги экспертлар ҳамда йирик компания ва тартибга солувчи органларнинг вакиллари билан давра суҳбатлари, муҳокамалар, шунингдек, дистрибютор ва дорихона тармоқлари мутахассислари билан яккама-якка учрашувлар жой олган.
Саммитда Евроосиё минтақасининг 13 та давлати — Россия, Қозоғистон, Украина, Ўзбекистон, Беларус, Озарбайжон, Қирғизистон, Грузия, Арманистон, Тожикистон, Туркманистон, Молдова ва Мўғулистон давлатларидаги фармацевтика бозорларининг ривожланиш тенденциялари муҳокама килинади.
Ушбу тадбирни ўтказиш учун Ўзбекистон қуйидаги сабабларга кўра танланди: минтақадаги бошқа давлатлар билан зиддиятларнинг йўқлиги, бозор ҳажмининг ўсиши ва қулай географик жойлашуви.
2021йилдаги Саммитнинг айнан Ўзбекистонда ташкил қилиниши турли давлатлардан кенг миқёсдаги иштирокчиларни бирлаштириш, уларнинг ўртасида самарали мулоқот ҳамда тажриба алмашиш учун ажойиб имкониятлар яратиш имконини берди. Ўтган тадбирга ўзбекистонлик қатнашчилардан ташқари Россия, Украина, Беларус, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Чехия ва бошқа мамлакатларнинг фармацевтика компанияларидан 200 дан ортиқ вакиллари йиғилганди. Онлайн форматда қатнашган иштирокчилар билан ҳисоблаганда 400дан зиёд фармацевтика соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтаётган навбатдаги саммитда соҳа раҳбарлари бугун ўзларини қийнаётган долзарб саволларга жавоб олишмоқда: қандай тартибга солиш стратегияси ишлаб чиқарилаётган дори воситалари портфелини кенгайтиришни таъминлайди? Евроосиё минтақаси давлатларининг давлат ва тижорат сегментларида савдо ўсишини қандай таъминлаш мумкин? Янги воқеъликда дистрибюторлар ва дорихона тармоқлари билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини қандай ошириш мумкин?
Иштирокчилар стратегик ривожланиш, дори воситаларини рўйхатга олиш сиёсатини ишлаб чиқиш, нарх ва этикеткалаш, давлат харидларининг ўзига хос хусусиятлари, тижорат сегментида улгуржи ва чакана савдодаги ўзгаришлар, дори воситаларини илгари суришда янги воситалардан фойдаланиш имкониятлари ва бошқа масалаларни муҳокама қиладилар.
Саммитда назорат килувчи органлар, етакчи халкаро ва маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар, дистрибюторлар, дорихоналар тармоқлари ва фармацевтика соҳасига хизмат кўрсатувчи компанияларнинг 400 дан ортик вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Соҳага оид 100 дан ортиқ маърузалар кутилмоқда.
Саммит давомида тартибга солиш, стратегия, сотиш, маркетинг ва ишлаб чиқариш мавзулари бўйича 20 дан ортиқ сессиялар бўлиб ўтади.
Саммит гибрид, яъни офлайн ва онлайн форматда ўтказилиши унинг географиясининг кенгайишига хизмат қилади.
Форум доирасида минтақанинг 13 мамлакатидаги етакчи фармацевтика ишлаб чиқарувчи компаниялар, дистрибьютор ва дорихона тармоқлари номидан иштирок этган Eurasian Pharma Awards танлови ғолиблари тақдирланади.
II Евроосиё фармацевтика саммитини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакиллари яқиндан иштирок этмоқда.