Вебинарда маърузалари билан Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Сарвар Ҳамидов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Шарлотта Адриан, Европа Комиссиясининг Савдо бўйича Бош директорати бўлими раҳбари Неле Эичҳорн, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) минтақа бўйича етакчи иқтисодчиси Эрик Ливни, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳузуридаги Ўзбекистоннинг доимий миссияси катта иқтисодчиси Бегзод Жалилов, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги директори Мурат Мирзаев.

ИССВдан маърузачи ўз нутқида иштирокчиларни Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва миллий солиқ тизимининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган сўнгги маъмурий ислоҳотлар билан таништирди. Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги қатор муҳим келишувларга асосланган Европа Иттифоқи билан муносабатларнинг юқори даражаси ва ҳамкорликнинг ижобий динамикаси алоҳида таъкидланди.

Сўзга чиққанлар томонидан мамлакатимизда эришилган иқтисодий ютуқлар, ишбилармон доиралар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам алоҳида таъкидланди. Мамлакатимиз учун GSP+ мақомини олишда, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашда ҳамда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожланишда ЕИнинг роли алоҳида таъкидланди.

ЕТТБ ва ОТБ минтақавий иқтисодчиларининг ҳисоботлари тингланиб, уларда Ўзбекистонни 2023 йилда ривожлантиришнинг асосий масалалари ва имкониятлари, шунингдек, ўтган 5 йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда очилаётган истиқболлар кўриб чиқилди. Хусусан, машинасозлик, электроника, қишлоқ хўжалиги каби тармоқларни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилгани ва бу, ўз навбатида, ташқи савдо айланмасининг ошишига замин яратгани таъкидланди.

Инвестицияларни рағбатлантириш агентлигининг бўлажак маҳаллий ва халқаро инвесторларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида ЕИ комиссияси билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги билдирилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Маълумот учун: Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ) Европанинг расман тан олинган нотижорат бирлашмаси бўлиб, тўлиқ аъзолик тўловлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бош қароргоҳи Брюсселда ва ваколатхонаси Тошкентда жойлашган. EUROUZ халқаро бизнес ассоциацияси ва Ўзбекистондаги Европа савдо палатаси бўлиб, ўз аъзоларига бозорларни ўрганиш, мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда давлат ва бизнес ўртасида мулоқотни ривожлантиришга ҳар томонлама ёрдам беради.