Бизнес-форумда жами 100 дан ортиқ Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг тўқимачилик, озиқ-овқат, автомобилсозлик саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига даҳлдор йирик компаниялари вакиллари иштирок этди.
Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков очиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатлар юқори даражада ривожланаётганини ҳамда уни изчил мустаҳкамлашга икки мамлакат ҳукуматлари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. COVID–19 пандемияси муносабати билан жорий этилган бир қатор чекловларга қарамай, ўтган йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси сезиларли ошгани маълум қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳияти кўп жиҳатдан ишга солинмагани ва бу ҳолат мазкур йўналишдаги икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш учун шарт-шароитлар яратаётгани таъкидланди.
Ўз навбатида, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти томонидан Ўзбекистоннинг хорижий инвесторлар учун очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, шаффоф ишбилармонлик муҳитини яратиш, коррупцияга қарши курашиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва давлатнинг иқтисодиётдаги ролини босқичма-босқич камайтириш борасида кўрилётган чора-тадбирлар қайд этилди.
Тадбир давомида эришилган натижалар ҳам қайд этилди: ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Озарбайжон компаниялари қатор қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда. Инвестиция ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этишнинг шарт-шароитлари кўриб чиқилди. Унинг мақсади устувор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришни рағбатлантиришдан иборат бўлади.
Анжуман давомида бир қатор келишув ва Меморандумлар имзоланди. Хусусан, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва Озарбайжон қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси билан икки давлат ўртасида қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, ҳамкорликда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари”
уюшмаси Матбуот хизмати