Мусобақа давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 мартдаги «Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилан вазифалар доирасида ташкил этилди.
Мамлакатда от спортини ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турларини аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли ёшларни танлаш, саралаб олиш (селекция) ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида қатор ишлар қилинмоқда.
Ўзбекистон поло федерациясининг мақсади юртимиз полочиларини мазкур спорт тури ривожланган мамлакатлар билан рақобат қила оладиган даражага етказиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида мутахассисларни тайёрлаш, йирик халқаро мусобақалар, жумладан ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ўтказишдан иборат.
Спортнинг ушбу тури халқимиз учун бегона эмас. Тарихий маълумотларга кўра, мазкур от спорт тури билан темурийлар даврида севиб ўйналган. Қадий миллий спорт турларимиздан бири бўлган полони ривожлантириш ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Халқаро поло федерацияси ва бошқа ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйилмоқда.
Биринчи «Tashkent open 2021» халқаро турнирида 6 жамоа бош соврин учун кураш олиб бормоқда. Жамоалар икки гуруҳга бўлинган ҳолда курашга киришган. Ўз гуруҳларида биринчи ва иккинчи ўринни олган жамоалар кейинги босқичга йўл олади.
Турнир ғолиб ва совриндорлари номлари эртага аниқланади.