Замонавий технологиялар билан жиҳозланган марказда ўқитишнинг инновацион шакллари асосида таълим соҳасидаги самарадорлик ва натижадорликни ошириш, барча ёшдаги аҳоли вакиллари ва давлат хизматчилари учун дунёда тан олинган халқаро чет тили даражасини аниқлаш тестларини топшириш имконияти яратилди.

Тадбир давомида Республиканинг турли вилоят ва ҳудудларида халқ таълими тизимида фаолият юритувчи хорижий тил фани ўқитувчиларининг 45 нафари ана шундай имкониятга эга бўлди. Уларга халқаро тан олинган Linguaskill имтиҳонини бепул топшириш имконияти яратилди. Имтиҳонда иштирок этиш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларидан 3797 нафар педагог ариза топширди. Тасодифий танлаб олиш тизими random.org  орқали очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилган танловда танлаб олинган 45 нафар талабгор илк бор малака ва кўникмаларни баҳоловчи халқаро Linguaskill тестини топширишга муваффақ бўлди.

Маълумот ўрнида: Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳамда Cambridge ҳамкорлигида Linguaskill тестлари Ўзбекистонда биринчи марта қўлланмоқда. Мазкур тест инглиз тилини билиш даражасини кўрсатиш учун тасдиқланган тестлардан биридир.  Мамлакатимиз бўйлаб халқаро тан олинган сертификат тақдим этувчи ва натижалари қисқа муддатда эълон қилинувчи Linguaskill тести топширилгани тўғрисидаги сертификат ўқитувчиларга ойлик маошига устама олиш, малака ошириш курсларидан озод бўлиш каби кўплаб имкониятларни тақдим этади.

Келгусида юртимизда ушбу тест билан миллионлаб ўқувчини қамраб олиш режалаштирилган. Linguaskill Cambridge Assessment English тасарруфидаги тест бўлиб, у онлайн ўтказилади ва гапириш, ёзиш, ўқиш ва тинглаш кўникмаларини қамраб олади. У тил билиш қобилиятини тавсифлашнинг халқаро стандарти бўлган Common European Reference Framework (CEFR) натижаларни текшириш, шунингдек, қисқа вақт ва ресурслар билан осон тайёрланишга шароит яратади.

Тестнинг алоҳида кўникмаларини қайта ва қайта топшириш имконияти бор, натижаларни текширишда маҳаллий ташкилотчилар умуман иштирок этмайди. Бошқа тестларга қараганда натижалар тез чиқади ва бу абитуриентлар учун жуда қулай.

Ўқишга киришда ушбу сертификат — максимал балл берадиган имтиёзлар қаторига қўшилди.