Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда ҳар бир йирик лойиҳа ва инфратузилма объектларида энергия тежамкорлигига устувор эътибор қаратилмоқда. Шу боис, базальт хомашёси ва ундан тайёрланадиган энергия самарадор плита ҳамда қурилиш материалларига талаб ортиб бормоқда.

Шу эҳтиёждан келиб чиқиб ташкил этилган корхона қиймати 26 миллион долларга тенг. Лойиҳа доирасида йилига 30 минг тонна базальт хомашёсини қайта ишлаш қуввати яратилган. Бу 345 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.

Маҳсулотлар ички бозор билан бирга Тожикистон ва Афғонистонга ҳам экспорт қилинмоқда.

Ишлаб чиқариш жараёни учун талаб этиладиган хомашёнинг 95 фоизи вилоятнинг Олтинсой туманидаги конлардан таъминланади. Корхонага Хитойнинг замонавий технологик ускуналари ўрнатилган. Бу ерда 200 кишининг доимий бандлига таъминланди.

Президент ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишар экан, маҳсулотлар сифатини янада ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини кенгайтириш ва экспортбоп йўналишларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Умуман, юртимизда қурилиш соҳасининг илмий асосларини мустаҳкамлаш, бунинг учун қурилиш материаллари бўйича илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари шу ерда вилоятнинг қурилиш материаллари саноати маҳсулотлари тақдимоти билан танишди.

Шу билан Сурхондарё вилоятига ташриф якунланди, Президентимиз Тошкентга жўнаб кетди.