Давлатимиз раҳбари катта футбол байрами – АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида бўладиган жаҳон чемпионати олдидан барчани қутлади.
“Биз бу кунларни бутун халқимиз, футбол ишқибозлари билан 34 йил кутдик. Шу маънода, футболчиларимизни Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очган замонамиз қаҳрамонлари деб айтсак арзийди.
Чунки улар ҳар бир ўйинга юқори тайёргарлик кўриб, юксак масъулият, ватанпарварлик руҳи билан фақат ғалаба учун майдонга тушди. Халқимизга олам-олам қувонч бағишлади.
Тўғрисини айтсам, мундиал йўлланмаси қўлга киритилган куни кўзимга уйқу келмади. Барча юртдошларимиз каби мен ҳам ич-ичимдан қувондим, байрам қилдим.
Фурсатдан фойдаланиб, майдонда жасорат ва маҳорат кўрсатган футболчиларимизга, уларни тарбиялаб, вояга етказган ота-оналари, устоз ва мураббийларига ташаккур изҳор этаман”,
– деди давлатимиз раҳбари.
“Бугунги учрашувимизда таниқли шоир, адиб ва санъаткорларимиз ҳам иштирок этяпти. Улар майдонда жасорат ва матонат кўрсатган футболчиларимиз ҳақида янги шеър ва асарлар ёзмоқда, қўшиқ ва мадҳиялар яратмоқда.
Тадбиркорларимизни айтмайсизми. Улар ҳам аллақачон ҳаракатни бошлаб юборган. Бизнес вакиллари сизлар орқали миллий брендини дунёга танитяпти, янги бозорларга чиқяпти.
Азиз фарзандларим, кўряпсизларми? Сизлар нафақат спорт ривожига ҳисса қўшяпсиз, балки тадбиркорларимизга янги имкониятлар эшигини очиб, адабиёт ва санъат аҳлига янги илҳом, янги руҳ ва қанот беряпсиз.
Ёшларимизга ҳақиқий ўрнак бўлдингиз. “Мен ҳам машҳур футболчи бўламан” деган болажонларимиз сафи кўпайиб бормоқда. Халқимиз сизлар билан доим фахрланади!”
– деди Президент.