Юртимиз аҳолиси 38 миллиондан ошди, урбанизация даражаси 51 фоизга етиб, қарийб 20 миллион одам шаҳарларда яшамоқда.
– Бир нарсани яхши тушуниш зарур: агар урбанизация даражаси 1 фоизга ошса, иқтисодиёт ҳам камида 1 фоизга кўпаяди, инвестиция оқими, бизнес ва стартаплар, меҳнат унумдорлиги каррасига ўсади. Бунинг учун республикада урбанизацияни барқарор ривожлантириш бўйича ягона ёндашув бўлиши керак, – деди Президентимиз.
Бош режаларни ишлаб чиқиш учун бюджетдан йилига 200-250 миллиард сўм берилмоқда. Бу маблағлар бош режаси бўлмаган ёки эскирган ҳудудларга сарфланиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Кичик шаҳар ва шаҳарчаларда ҳам катта лойиҳа қиламан деган тадбиркорлар борлиги, шаҳарсозлик ҳужжати йўқлиги учун уларнинг иши тўхтаб тургани қайд этилди. Ўзи маблағ тикиб, тезроқ бош режа ишлаб чиқилишидан манфаатдор тадбиркорлар ҳам кўп.
Вилоят ҳокимлари, Урбанизация қўмитасига жорий йилда бюджет маблағи ҳисобидан 6 та шаҳар, 44 та шаҳарча бўйича бош режа, яна 104 та қишлоқ бўйича мастер режани охирига етказиш, бунга қўшимча ташаббускор бизнес вакиллари билан яна 50 та аҳоли пункти бўйича шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиқишни бошлаш топширилди.