Ушбу ташкилот Марказий, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ минтақаларида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожантириш билан бир қаторда инсонларга қулай табиий шароит яратиш масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз раҳбари юқори минбарлардан туриб дунё ҳамжамияти эътиборини минтақамизда кузатилаётган экологик муаммоларга қаратиб келмоқда. Ушбу мавзу Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар етакчилари даражасидаги муҳим учрашувда ҳам кўтарилди.

Жумладан, Ўзбекистон Президенти ҳозирги вақтда кўп давлатлар иқлим ўзгаришлари, турли экологик муаммоларнинг оғир оқибатларига дуч келаётганини таъкидлаб, ушбу масалага биргаликда ечим топиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича алоқаларни жадаллаштириш лозимлигини урғулади.

Музликларнинг эриши, сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш, чанг бўронлари, тупроқ емирилиши ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши каби жараёнлар қаттиқ хавотир уйғотаётганини билдириб, тадбир иштирокчиларини ҳамжиҳатликка чақирди.

Тузилма доирасида Экология масалалари бўйича юқори даражали платформа яратиш бўйича ғоя аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватлади. Унинг биринчи анжуманини 2024 йили Самарқанд иқлим форуми доирасида ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Шунингдек, 2023 йил 13-17 ноябрь кунлари юртимизда бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси бажарилишини кўриб чиқиш бўйича қўмита йиғилишига ИҲТ вакиллари таклиф этилди. Ҳозирги вақтда тобора жиддий муаммога айланиб бораётган қум-чанг бўронларига қарши курашиш мақсадида Самарқанд декларацияси мазкур йирик тадбирнинг асосий ҳужжати бўлиши эълон қилинди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Президентининг йирик анжуманлар доирасида глобал муаммолардан чуқур қайғураётгани, турли экологик хавф-хатарларга қарши курашишга ҳаракат қилаётгани барчамизни бу масалада фаоликка чорлайди.

Зеро, табиатни асраб-авайлаш, унга нисбатан инсоният томонидан келаётган зарарларни бартараф этиш, келажак авлодга тоза экологик шароит яратиш барчамизни муқаддас бурчимиздир.

Севара Файзиева,

Ўзбекистон Экологик партияси

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси,

 Сенатнинг Оролбўйи минтақасини

ривожлантириш масалалари ва

экология қўмитаси экспертлар гуруҳи аъзоси