Кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳам давлат бошқарувининг бундай демократик усули йўлга қўйилиб, ислоҳотлар самарадорлигига хизмат қилмоқда.

Аввал хабар берилганидек, бугун Президентимизнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатнома билан чиқиши кутилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб давлатимиз раҳбарининг бундан олдинги Мурожаатномалари хроникасига назар ташласак.

Президентимизнинг биринчи Мурожаатномаси 2017 йил 22 декабрь куни бўлган.

Илк Мурожаатномада давлатимиз раҳбари “Биз мамлакат ҳаётига доир ҳар бир қарорни халқимиз билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилмоқдамиз. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя бу борада фаолиятимиз мезонига айланмоқда.

Одамларимизнинг ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашда бу муҳим масаланинг нақадар ўткир ва долзарб муаммо бўлиб турганини ҳисобга олиб, бу ишларнинг ҳажмини оширган ҳолда, биз янги йилда ҳам албатта давом эттирамиз. Чунки, халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир”, деган эди.

Шу маросимда Президентимиз 2018 йилга юртимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб ном беришни таклиф этган ва бу қизғин қўллаб-қувватланган.

Иккинчи Мурожаатнома 2018 йил 28 декабрь куни бўлган.

Президентимиз ўз чиқишида “Нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади. Биз демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга – янги, юксак марралар сари борамиз. Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш – Яратганнинг ўзи бизга берган тарихий имконият, десак, тўғри бўлади”, дея таъкидлаган эди.

Ўша куни 2019 йилга мамлакатимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”, деб ном берилган.

Учинчи Мурожаатнома 2020 йил 24 январь куни йўлланган.

“Амалий натижа билан мустаҳкамланган, ўз меваси, ҳосилини бераётган ислоҳот одамларнинг қалбига, юрагига тез кириб боради. Ва бундай ислоҳотни, бундай шиддатли жараённи ҳеч ким, ҳеч қандай куч, тўхтата олмайди.

Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиши керак. Бунинг учун барча бўғиндаги раҳбарлар фоизлар, рақамлар, қоғознинг ортидан қувмасдан, ҳар бир фуқаро учун, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун ишлаши шарт. Шунда нуроний кексаларимиз, муҳтарам отахон ва онахонларимиз, ҳурматли аёлларимиз, азиз фарзандларимиз, жажжи набираларимиз, кўп миллатли бутун халқимиз биздан рози бўлади”, дея таъкидлаган давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида.

Шу тадбирда 2020 йил – “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, дея номланган.

Тўртинчи Мурожаатнома 2020 йил 29 декабрь куни бўлган.

Президентимиз ўз чиқишида “Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда. Бу интилишлар улкан амалий ишларга айланиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб бормоқда. Бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт, катта шарафдир.

Барчамизга ана шу улуғ сафда бошқаларга ибрат ва намуна бўлиш, жонажон Ватанимиз, азиз халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш насиб этсин”, дея таъкидлаган эди.

Ўшанда давлатимиз раҳбарининг 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном бериш таклифи қизғин қўллаб-қувватланган.

Бугун Президентимизнинг Олий Мажлисга бешинчи Мурожаатномаси йўлланади.