Президентимиз бу йил мамлакатимиз тарихида илк бор мактаб битирувчиларига табрик йўллади. Битирувчи сифатида бу мени жуда тўлқинлантирди ва шундай буюк юртнинг азиз фарзанди эканимдан қалбимда чексиз ғурур-ифтихор туйдим. Давлатимиз раҳбари ўз табриги орқали мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб, “Ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар”, дегани орзуларимизга янада қанот бағишлади.
Бухоро азалдан илм-маърифат маркази сифатида ном таратган. Айниқса, сўнгги йилларда вилоят ёшлари ва ўқитувчиларининг илмий салоҳияти, эришган ютуқлари халқаро миқёсда тез-тез эътироф этиляпти. Улар қаторида менинг ҳам камтарона интилишларим эсланаётгани юрагимни ифтихорга тўлдиради. Бу йил мактабни битираман. Юрагим орзу-умидларга тўла. Ўқувчилик йилларим ортда қолаётганидан бир хафа бўлсам, катта ҳаёт остонасига қадам қўяётганимдан ҳаяжондаман.
Мактабда ўтган йилларимга назар солиб, юртимизда ёшлар таълимига қаратилаётган эътиборнинг самарасини ўзим мисолимда яққол ҳис этяпман. Айниқса, кейинги йилларда эришган ютуқларим устозларим, ота-онам ва яқинларимни хурсанд қилди. Жумладан, жорий йил 20-26 апрель кунлари 28 давлат ўқувчилари ўртасида онлайн тарзда ўтказилган кимё фанидан 55-Халқаро Менделеев олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлдим. Бу халқ таълими тизимидаги биринчи олтин медаль ҳисобланади. Шу пайтгача қўлга киритилган олтин медаллар академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳисобига ёзилган.
Кўпчилик “Муваффақиятга эришиш учун пойтахтдаги энг зўр мактабларда ўқиш керак”, деб ўйлайди. Мен ўзим ўқиган мактабни манаман деган таълим муассасаларидан кам ҳисобламайман.Президентимиз таълим-тарбия ҳақида сўз юритганда, доим мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудида ҳам билим олиш учун пойтахтдагидан кам бўлмаган шароит яратиш лозимлигини таъкидлайди. Мана шундай имконият биз учун ҳам яратилган. Ўтган йили 54-Халқаро Менделеев олимпиадасига саралаш босқичи якуний натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига қабул қилиндим. Кўп ўтмай, Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари ўртасида кимё фанидан ўтказилган I Республика онлайн олимпиадасида қатнашиб, 1-даражали диплом билан тақдирландим. Шундан сўнг 13-18 июль кунлари онлайн ўтказилган 54-Халқаро Менделеев олимпиадасида бронза медални қўлга киритдим. 25 июль куни масофавий ўтказилган 52-Халқаро кимё олимпиадасида ҳам бронза медаль билан тақдирландим. Бу менга дунёнинг 80 мамлакатидаги олий таълим муассасаларидан бирига имтиёзли ўқишга кириш имконини беради. Ҳали мактабни битирмай туриб, талаба бўлиш имкониятига эгаман.
Июль ойида Япония ташкилотчилигида кимё фанидан яна бир нуфузли халқаро билимлар беллашуви ўтказилади. Унда ҳам зафар қучиб, юртимизга олтин медаль келтирмоқчиман. Келгусида ниятларим бисёр. Қайси олий таълим муассасасига кирмай, мақсадим битта — Ватаним корига ярайдиган, халқимизга садоқат билан хизмат қиладиган фарзанд бўлиш. Бу менинг саховатли юртимга билдирадиган арзимас миннатдорлигим бўлади. Ёш авлод камолоти йўлида ҳамма шароитни яратиб, бизни жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатлари ёшлари билан бемалол баҳслаша оладиган инсонлар бўлинг, жонажон Ўзбекистонимиз номини шарафларга бурканг, деб қанот бераётган Президентимиз ишончига фарзандлик жавобим бўлади.
Фирдавс СОБИРОВ,
Бухоро шаҳридаги 35-мактабнинг 11-синф ўқувчиси