Вазир Иброҳим Абдураҳмонов Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси атташеси С.Беллини, Lion 2 университети Француз тили халқаро маркази директори Ф.Виолай, Grenobl университети француз тилини ўқитиш маркази директори ўринбосари Г.Карчерни қабул қилди.
Томонлар Ўзбекистон олий ва профессионал таълим муассасаларида француз тилини ўқитиш ҳолати ва даражаси, ушбу таълим йўналишини ривожлантириш бўйича фикр алмашдилар. Хусусан, 11 та коллежда француз тилини ўқитиш дастурлари мавжудлиги, шунингдек, қатор олий таълим муассасаларида Франция университетлари билан ўрнатилган алоқалар натижасида француз тили дастурларининг ташкил этилганлиги қайд этилди.
Франция томони тил дастурлари битирувчиларининг малака даражасини кўтариш мақсадида 90 соатлик таълим дастурлари давомийлигини узайтириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида фикр билдирди.
Шу билан бирга, музокарада француз тилини ўқитишни ривожлантириш ва университетлараро алоқаларни ривожлантириш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари ўқитувчилари учун қисқа ва узоқ муддатли дастурларни ташкил этиш, Франциядан француз тили ўқитувчиларини Ўзбекистонга жалб этиш таклифлари ҳам ўрин олди. Томонлар, шунингдек профессионал таълим муассасаларида ёшларни касбга ва француз тили кўникмаларига тайёрлаш ҳамда уларни ушбу мамлакат компанияларига ишга жалб этиш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар беради Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.