Хорижий давлатларда профессионал таълим тизимига меҳнат бозори учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, ўқитиш сифатини таъминлаш ва компетенцияга асосланган таълимни ривожлантиришдаги муҳим йўналиш сифатида қаралмоқда. ЮНЕСКО томонидан 2030 йилгача белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадлари ва халқаро таълим концепциясида “Бутун ҳаёт давомида сифатли таълим олишга имконият яратиш” долзарб вазифа сифатида белгиланди.
Мамлакатимизда мазкур мақсадларга эришиш йўлида чора-тадбирлар ва аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, улар ижроси таъминлаб келиняпти. Жумладан, профессионал таълим тизимида меҳнат бозори талаби ва иш берувчилар таклифлари асосида кадрлар тайёрлаш борасидаги муаммолар ўрганилиб, касб-ҳунар ўргатиш тизими тубдан такомиллаштирилди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг миллий малака тизимини тўлақонли жорий этишга ушбу муаммоларни бартараф этишнинг самарали механизми сифатида қаралмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ва Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида 3 йиллик мажбурий таълим шаклидаги касб-ҳунар коллежлари негизида шаклан ва мазмунан мутлақо янги, узлуксиз профессионал таълим тизими барпо этилди.
Уларнинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, 2020/2021 ўқув йилидан уч тоифадаги, яъни бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасалари тармоғи фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда мамлакатимизда 330 та касб-ҳунар мактаби, вазирлик ва идоралар тизимидаги 166 та коллеж ва 208 та техникум фаолият юритиб келади.
Ҳозир касб-ҳунар мактабларида оилавий бизнес, томорқа бизнеси, қурилиш, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик каби ишчи касблар бўйича ўрта бўғин кадрлар давлат гранти асосида тайёрланмоқда. Коллеж ва техникумларда ўқув жараёни касблар ва мутахассисликлар мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда кундузги, кечки, сиртқи ва дуал таълим шаклида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида олиб борилади.
Ушбу тизим халқаро стандартларга мос ташкил этилгани халқаро ташкилотлар томонидан ҳам юқори баҳоланди. Тизимга ишонч билдирилди ҳамда уни ривожлантириш учун кўплаб хорижий ҳамкорларнинг инвестиция лойиҳалари кириб келди. Жумладан, Европа Иттифоқи комиссияси, ЮНЕСКО, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Осиё тараққиёт банки, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Helvetas Uzbekistan фонди лойиҳалари асосида профессионал таълим тизимини ривожлантириш борасида зарур ишлар бажарилмоқда.
Хусусан, профессионал таълимнинг тайёрлов йўналишлари, касблар ва мутахассисликлар классификатори ЮНЕСКО томонидан жорий қилинган Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси ҳамда “ТХСК: Таълим ва касбий тайёрлаш соҳалари” принциплари бўйича такомиллаштирилди. Мазкур классификатор бўйича меҳнат бозоридаги асосий иш берувчилар, тармоқ малака кенгашлари, шунингдек, вазирлик ва идоралар таклифи асосида ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилди.
Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси асосида ўқитишнинг табақалаштирилган уч даражасига мувофиқ, янги классификатор 132 таълим йўналиши, профессионал таълим бўйича жами 714 та касб ва мутахассислик (1372 та квалификация)ни қамраб олган. Бугун профессионал таълим муассасаларида касб ва мутахассислик эгаллаш истагидаги 417,5 мингдан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда.
Ёши бўйича улар таркиби қуйидагича: 16-17 ёшлилар 197 минг 357 нафар, 18-20 ёшлилар 84 минг 422 нафар, 21-30 ёшлилар 94 минг 835 нафар, 31 ёш ва ундан катталар 40 928 нафарни ташкил қилади. Шу билан бирга, 196 та таълим муассасасида 6 минг нафардан ортиқ ишсиз ёш қисқа муддатли курсларда ўқитилмоқда. Ўтган даврда 34 минг 974 нафар фуқаро қисқа муддатли курсларда тайёрланди. Коллеж ва техникум ўқувчиларининг 20 фоиздан ортиғи давлат гранти асосида таълим олмоқда.
Янги ўқув йилидан коллеж ва техникумлардаги давлат гранти асосидаги ўринлар сонини 10 фоизгача ошириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, коллеж ва техникумларга етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари, ногиронлиги бўлган шахслар қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши йўлга қўйилди.
Хусусан, 2020/2021 ўқув йилида 1 минг 157 нафар, 2021/2022 ўқув йилида 1 минг 433 нафар ўқувчи қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб юртимиздаги барча ветеринария медицинаси ва агротехнологиялар техникумида паррандачилик, ветеринария, балиқчилик, асаларичилик ва қуёнчилик йўналишларида ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, архитектура ва қурилиш, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги, муҳандислик, ахборот технологиялари соҳаларида 25 фоиздан 40 фоизгача талабани давлат гранти асосида ўқитиш йўлга қўйилган. 2021 йил 1 июндан бошлаб профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларга ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган вақтида давлат бюджети маблағи ҳисобидан базавий ҳисоблашнинг икки баробари миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратиш амалиёти жорий этилди.
Ўтган ўқув йилида “Ёшлар дафтари”га киритилган 671 нафар ўқувчига ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган даврида бюджет маблағлари ҳисобидан 460,4 миллион сўм субсидия ажратилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги “Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш чоратадбирлари ҳақида”ги қарорига мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилидан профессионал таълим тизимида дуал таълим ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда олий таълим муассасалари таклифлари шакллантирилди.
Дуал таълимни жорий қилишда дастлаб коллеж ва техникумларда дуал таълим шакли жорий қилиниб, 3 минг 34 нафар ўқувчининг 22 касб ва мутахассислик бўйича дуал таълим шакли асосида ўқитилиши йўлга қўйилди. Жумладан, 57 та коллежга 2 минг 44 нафар, 8 та техникумга 990 нафар йигит-қиз қабул қилинди. Улар орасида мактабгача таълим, архитектура ва қурилиш ҳамда транспорт хизматлари йўналишларига талаб юқори бўлиб, асосий иш берувчилар — мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда транспорт (темир йўл) соҳасидаги корхоналар билан шартномалар расмийлаштирилди.
Шундан сўнг ҳамкорликда дуал таълим шакли ташкил қилинди. Жорий ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар мактабларида ҳам дуал таълим шакли жорий қилиниб, 27 та касб-ҳунар мактаби, 80 та коллеж, 35 та техникумда жами 56 хил касб ва мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Мактабгача таълим, енгил саноат, транспорт (темир йўл), қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва меҳмонхона хўжалиги ҳамда қурилиш соҳасидаги 603 та корхона ва ташкилот билан дуал таълим бўйича ҳамкорлик шартномалари расмийлаштирилди.
Корхона ва ташкилотларнинг талаб ҳамда эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳозир 7 минг 631 ўқувчи мазкур таълим шакли бўйича ўқимоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги “Профессионал таълим муассасаларининг бошқарув ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ҳаёт давомида таълим олиш” тамойили асосида бошқарув ҳамда педагог кадрларнинг узлуксиз малакасини ошириш, таълимнинг мақсади, вазифалари, мазмунидан келиб чиққан ҳолда ўқув жараёнини ташкил қилиш, бошқарув ва педагог кадрларни қайта тай ёрлаш ва узлуксиз малакасини ошириш учун таълим дастурларини инновацион ёндашувлар асосида доимий янгилаб бориш каби вазифалар белгиланди.
Айни пайтда профессионал таълим муассасаларида 26 минг 768 нафар педагог кадр мавжуд. Уларнинг 5 минг 948 нафари ишлаб чиқариш таълими усталаридир. Педагогларнинг 96,3 фоизи, ишлаб чиқариш таълими усталарининг эса 62,3 фоизи олий маълумотли. Жорий ўқув йилида педагог кадрлар сифат таркибини янгилаш ва ёшларга кенг имконият яратиш учун олий таълим муассасаларининг 1 минг 43 нафар битирувчиси профессионал таълим муассасаларига ўқитувчиликка жалб қилинди.
Профессионал таълим муассасаларини методик ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълим муассасалари томонидан бириктирилган қарийб 3 минг нафар профессор-ўқитувчи ва 500 нафардан зиёд докторант ҳамкорликда ўқув-методик таъминотни мустаҳкамлаш билан шуғулланмоқда. Халқаро ҳамкорлик доирасида Ўзбекистонда дуал таълимни ривожлантириш учун Германия халқаро ҳамкорлик жамияти экспертлари ҳам зарурий методик ёрдам кўрсатмоқда.
Қолаверса, профессионал таълим тизими педагоглари малакасини хорижий тажриба асосида ошириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Германиянинг “German Sparkassenstiftung for International Cooperation” ташкилоти лойиҳаси доирасида 18 нафар мастер тренер ҳамда 39 нафар тренер тайёрланди. Улар бошчилигида 500 нафардан ортиқ ўқувчи тадбиркорлик кўникмалари бўйича ўқитилди.
Бундан ташқари, мазкур лойиҳа доирасида профессионал таълим тизимида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакасини ошириш жараёнида касбий компетентлиликни ривожлантириш учун 14 та профессионал таълим муассасаси ҳузурида “Илғор профессионал тайёргарлик маркази” ташкил қилинмоқда. Мазкур марказларда ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакасини ошириш ҳамда касбий компетентлилигини ривожлантириш эҳтиёжга асосланган ва амалиётга йўналтирилган ҳолда ташкил қилинади.
Профессионал таълим учун янги авлод ўқитувчиларини тайёрлашнинг асоси олий педагогик таълимнинг фундаменталлашуви ва ўзгариб боришида кўзга ташланади. Ижтимоийлаштириш, табақаларга бўлиб ўргатиш ва инновационпедагогик технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳаётга кенг татбиқ қилиш шулар жумласидан. Соҳа педагоглари олдига долзарб вазифа қўйилган. У ҳам бўлса, ўқувчи-талабанинг касбий фаолиятга тайёргарлигини ошириш бўйича зарур таълим шакллари, метод ва воситаларни ҳамда замонавий ўқитиш назариясини ишлаб чиқишдан иборат.