«Ўзархив» агентлигида 22 сентябрдан 22 октябрга қадар архив соҳасида«Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида ўзбек тили ойлиги ўтказилмоқда.

Ойлик давомида архив соҳасида эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда давлат тилида иш юритиш маданиятини юксалтириш, маънавий-маърифий тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, соҳа қонунчилиги юзасидан уни тарғиб қилиш масалаларига эътибор кучайтирилди. Хусусан, ҳудудларда ижодкор архивчиларнинг 10 дан ортиқ мақолалари, 20 та видеороликлари, ўз ижодидан шеър ва ҳикоялари Агентликнинг веб сайтларида ва бошқа ижтимоий тармоқларда ёритилди. Ойлик давомида соҳада давлат тилини қўллашнинг ўзига хос услубияти, методик қўлланмалар, буклетлар ишлаб чиқилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2020 — 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси кенг муҳокама қилинди. Концепцияда белгилаб берилган йўналишларнинг архив соҳасидаги аҳамияти ва долзарблиги тушунтирилди.

Мазкур тадбирда ўзбек тилининг халқимиз, жумладан соҳа ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек, архив соҳада давлат тилини ривожлантиришда ўз меҳнатлари билан фидокорона хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар «Соҳа ифтихори» кўкрак нишони ҳамда «Ўзархив» агентлигининг «Фахрий ёрлиғи» билан тақдирландилар.

Тадбирда «Ўзархив» агентлиги раҳбарияти, Ўзбекистон миллий архивлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.