Кўпчилик инсонлар қалампир истеъмолини ўта зарарли, деб ўйлайди. Аксарият одамлар эса унинг “ўта зарарли” эканини билиб туриб ҳам “организмим ўрганиб қолган шунга”, дейдию, ўз билганидан қолмайди. Ростдан ҳам қалампир ейишнинг умуман фойдаси йўқмикин?

Италиянинг “Neuromed” неврология институти олимларининг қалампир ҳақидаги фикрларини мазкур саволга жавоб сифатида келтириш мумкин.  Олимларнинг айтишларича, қалампир истеъмол қилиш юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юмиш хавфини камайтиради. Бу борада ўтказилган тажрибада қарийб 23 минг киши иштирок этган, улар саломатлиги саккиз йил давомида назорат қилинган.

Маълум бўлишича, ҳафтасига камида тўрт марта қизил қалампир истеъмол қилган одамлар ушбу маҳсулотни кам ейдиган ёки умуман емайдиган одамларга қараганда юрак хуружидан 40 фоиз, бош мия касалликларидан 50 фоиз камроқ вафот этишган.