Қалин қор ёғиши, бўрон ва музлама сабабли Қозоғистон пойтахтида транспорт ҳаракатлари карахт ҳолга келиб қолди.
Таъкидланишича, Остона халқаро аэропортида авиақатновлар кечиктирилган, шаҳар коммунал хизматлари ва полиция ходимлари кучайтирилган режимда ишламоқда.
Республика пойтахтида ўтган шанбадан буён қор ёғмоқда, бўрон туриб йўллар музлаб қолган. Қозоғистон об-ҳавошунослари берган маълумотга кўра, ўтган уч кун ичида қалинлиги 37,6 миллиметрли ёғингарчилик бўлган.
Келтирилишича, об-ҳавонинг ёмонлашиши муносабати билан транспорт оқимлари ва жамоат транспортлари тезлиги камайтирилган.
Автобус йўналишларида кечикиш ҳолатлари кузатилмоқда, айрим жойларда поезд қатновлари қийинлашган. Пойтахт таълим бошқармаси мактаб ўқувчиларини масофадан туриб ўқиш форматига ўтказган.