Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.

Аввал хабар берилганидек, 16 йилга қамалган маҳбус қамоқдан қочиб, жорий йилнинг 16 октябрь куни Оҳангарон туманида вояга етмаган қизга нисбатан жиноят содир этган эди. Ушбу шахс маҳаллий аҳоли томонидан қўлга олиниб, тегишли идораларга топширилганди. Сўнг унга нисбатан Жиноят кодексининг 119 моддаси 4-қисми, (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Олий суд ахборот хизматининг хабар беришича, бугун жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судида М. Т. (1994 йилда Фарғона вилоятида туғилган, муқаддам судланган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўрилди.

Суд ҳукмига кўра, М. Т. 2016 йилда туғилган вояга етмаган қизга нисбатан Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

Суд унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан у ўта хавфли рецидивист деб топилди.

Ҳукмга мувофиқ, М. Т. жазо муддатининг дастлабки икки йилини турмада, қолган қисмини эса махсус тартибли колонияларда ўтайди.