2022 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномасида устувор йўналиш сифатида белгилаб берилган учинчи йўналишда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим эканлигини таъкидлаган ҳолда, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилинганлиги алоҳида тўхталиб ўтилди.

Мурожаатнома белгилаб берилган устувор йўналишдан келиб чиққан ҳолда эндиликда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолитятига қатор ўзгартиришлар киритилади. Хусусан, давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга туширилишини таъминлаш алоҳида вазифа сифатида белгилаб берилди. Шу боис, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади. Бунинг натижасида энг аввало, одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади. Бунинг учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилади.

Шунингдек, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказилиши белгилаб берилди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 158-моддасига мувофиқ, суриштирувчи ва терговчи бирор турар жой, хизмат, ишлаб чиқариш биносида ёки ўзга жойда ёхуд бирор шахсда иш учун аҳамиятли бўлган нарса ёки ҳужжатлар бор деб ўйлаш учун етарли маълумотга эга бўлган тақдирда тинтув ўтказишга ҳақлидир. Тинтув қидирилаётган шахсни, шунингдек мурдани топиш учун ҳам ўтказилиши мумкин.

Тинтув суриштирувчи ёки терговчининг қарори ёхуд суднинг ажримига кўра ўтказилади, бунда улар тинтув ўтказишни суриштирув органига ёки терговчига топширишга ҳақлидирлар. Тинтув ўтказишда холислар, зарурат бўлган тақдирда мутахассис ва таржимон ҳам иштирок этади.

Жиноят-процессуал кодексининг 161-моддасига кўра, тинтув суриштирувчи ёки терговчининг асослантирилган қарорига биноан, прокурорнинг санкцияси билан ўтказилади. Мурожаатномада белгилаб берилган учинчи йўналишга асосан эса, эндиликда Жиноят-процессуал кодексининг 161-моддасига ўзгартириш киритилади ва тинтув ўтказиш учун суднинг санкцияси талаб этилади.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексининг 170-моддасига ҳам мурожаатномадан белгилаб берилган ўзгартириш киритилади. Мазкур модданининг амалдаги таҳририга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг телефонлари ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш суриштирувчининг, терговчининг прокурор томонидан санкция берилган қарорига ёҳуд суднинг ажримига биноан амалга оширилади.

Жабрланувчига, гувоҳга, худди шунингдек уларнинг қариндошлари ва яқинларига нисбатан куч ишлатиш, товламачилик ёки бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этиш хавфи мавжуд бўлган тақдирда, ушбу шахсларнинг аризалари бўйича ёҳуд уларнинг ёзма розилиги ҳамда прокурорнинг санкцияси билан ёки суднинг ажримига кўра уларнинг телефонлари ёҳуд бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш амалга оширилиши мумкин.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда суриштирувчи, терговчи прокурорни кейинчалик дарҳол ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, унинг санкциясисиз телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш тўғрисидаги қарорни махсус ваколатли давлат органига юборишга ҳақли. Телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги прокурор томонидан санкция берилмаган қарор бир сутка давомида қонуний кучга эга бўлади.

Учинчи йўналишда мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказилиши белгилаб берилганлиги алоҳида эътироф этишга лойиқ. Чунки Президентимиз таъкидлаганларидек, энди терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди, хусусий мулк дахлсизлиги кучайтирилади. Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади. Агар амалдаги Жиноят-процессуал кодексига назар ташлайдиган бўлсак, мазкур кодекснинг                290-моддасига кўра, ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун суриштирувчи, терговчи ёки суд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлаши шарт. Ашёвий далил деб эътироф этилган мол-мулкни ўзлаштиришнинг, харж қилиб юборишнинг, яширишнинг, йўқ қилиб ташлашнинг ёки шикастлантиришнинг олдини олиш мақсадида ушбу мол-мулк ҳам хатланади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгар оиласининг нормал турмушини таъминлаш учун зарур бўлган уй-жой, квартира, уй анжомлари ва жиҳозлари, кийим ва буюмлар хатланмайди.

Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқук ва эркинликларини таъминлаш учун муҳим аҳамият касб этиб, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фукароларимизнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Азизахон Алланова,

ТДЮУ, Жиноят ҳуқуқи, криминология

ва коррупцияга қарши курашиш

кафедраси доценти