Узоқ вақт кўришмаган танишим билан тасодифан учрашиб қолдик. Суҳбатлашдик. Турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг тўрт нафар фарзандини мустақил ҳаётда йўлини топиши учун астойдил меҳнат қилгани нигоҳларида намоён эди. Қийинчилик кўргани гапларидан билиниб турарди. Қаранг, умуман ёрдам пули, нафақа пули олмабди, кўп болали оилаларга ажратиладиган имтиёзлардан фойдаланмабди. Бу соддаликми ёки андишами?
Яқинда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан батафсил танишдик. Таклифларимизни бердик. Мулоҳазалар ўртага ташланди. Юқоридаги суҳбат баҳона бўлди-ю, бу борада янада тизимлироқ, изчилроқ бандлар, меъёрлар зарурлигини ҳис қилдим.
Қонун ҳужжатларида “кўп болали оила” тушунчасига турлича мезонлар белгиланган. Масалан, ёш мезони — максимал ёш чегараси 16 ва 18 ёшгача, бола сони учтадан еттитагача, деб қайд этилган. Бу эса, табиийки, давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан ҳақиқатан муҳтож бўлган оилаларнинг тенг ҳуқуқли фойдаланиш имконияти мавжуд эмаслигини, амалиётда ҳуқуқ нормаларини қўллашда ижтимоий адолат тамойили бузилишига шарт-шароит яратиб бераётганини кўрсатади.
Шу каби омиллар қонун ҳужжатларида кўп болали оилаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш заруратини вужудга келтирмоқда. Яъни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ушбу тушунчанинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Оила кодексига “кўп болали оила” тушунчаси ва унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қўшимча киритилмоқда. Унга кўра, ота-она ёки улардан бири билан бирга яшаётган тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган, шунингдек, кундузги таълим шаклида таълим олаётган йигирма икки ёшга тўлмаган болалари бўлган оилалар кўп болали оилалар ҳисобланиши белгиланмоқда.
Бу билан таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги турли ёндашувлар бартараф этилишига, давлат ҳимоясига муҳтож кўп болали оилаларга ижтимоий адолат принципи асосида имтиёзлар берилишига, хусусан, турар жой, ер ажратиш, солиқ тўловлари ва бошқа бир қатор имтиёзлардан кенг фойдаланишга ҳуқуқий асос яратади ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Албатта, лойиҳа тасдиқланса, юқоридаги каби оилалар давлат томонидан берилаётган имкониятлардан янада тўлиқ фойдаланади. Бу ҳам оила бюджетига, ҳам фарзандларнинг келажагига ижобий таъсир қилади. Қонун лойиҳаси тасдиқлангач, уни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш зарур. Негаки, қонун кучга кирса-ю, унинг моҳияти ва бериладиган имтиёзларни юртдошларимиз билмаса, кўзланган натижага эришиш мушкул.
Умидахон ЗОКИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати