— Кўзга говмучча чиқиши ниманинг аломати?
— Бу бирор ички касаллик, шамоллаш, қовоқлар яллиғланиши ва гижжа асорати бўлиши мумкин. Бундай вазиятда болани педиатр, юқумли касалликлар шифокори ва окулист кўригидан ўтказиб, мажмуавий муолажа қилиш керак. Шунингдек, боланинг иммунитетини ошириш учун уни рационал овқатлантириш, жисмонан чиниқтириш зарур.
— Қандли диабетнинг кўришга таъсири борми?
— Ушбу касалликка чалинган кўплаб беморлар асосан эндокринолог кўригидан ўтиб, қанд миқдорини меъёрида сақлаш билан чекланади. Ҳолбуки, қандли диабет иккиламчи асоратлари билан ҳам хатарлидир. Жумладан, унинг таъсирида кўз касалликлари келиб чиқиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун беморни йилда икки марта окулист кўригига йўллаш мақсадга мувофиқ.
— Замонавий офтальмология ва кўз микрохирургиясининг энг муҳим ютуқлари нималардан иборат? Улардан амалда фойдаланиш самаралари ва соҳа бўйича янги режалар ҳақида маълумот берсангиз.
— Замонавий офтальмология ва кўз микрохирургияси бугунги кунга келиб шу қадар ривожландики, натижада илгари даволаш мушкул бўлган кўпгина касалликларни бутунлай бартараф этишга эришяпмиз. Катаракта хасталигининг турли шаклларини чоксиз факоэмульсификация усулида даволаш, кўз шоҳ пардаси хиралашганда кератопластика операцияси, қандли диабет, юрак қон-томир касалликлари туфайли келиб чиққан тўр парда ва шишасимон тананинг хасталикларини лазер ёрдамида даволаш бўйича ютуқлар бунга мисолдир. Бундай илғор операцияларни бугунги кунда ҳудудларда ҳам жорий этиш мақсадида жойларда амалий ишлар тизимли йўлга қўйилган. Суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.