Бунга жавобан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ўз муносабатини эълон қилди. Унда таъкидланишича, “Qanotchi ресторани тажриба тариқасида ишга туширилган.
Шунингдек, “Бу пойтахтимиз масканлари босқичма-босқич очилиши учун чора-тадбирлар тартибини ишлаб чиқиш учун зарур эди. Айни вақтда эксперимент якунига етган, ресторан ёпилган.
СЭОМ, ИИББ ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг умумий хулосасига асосан, шаҳар умумий овқатланиш масканларининг очилиши учун чоралар режаси ҳамда регламенти ишлаб чиқилади.
Эксперимент доирасида Qanotchi ресторани маъмурияти ўз ҳисобидан овқатланиш залини СЭОМ меъёрлари асосида жиҳозлаб, дезинфекция ишларини амалга оширди ва меҳмонларни залда жойлаштириш, уларга хизмат кўрсатиш ва киритиш бўйича барча белгиланган чораларни ишлаб чиқди.
Батафсил фото- ва видеоҳисобот махсус комиссияга қарор қабул қилиш учун тақдим қилиниб, унинг асосида умумий овқатланиш масканларини ишга тушириш тартиби белгиланади.
Рестораннинг одатий тартибда ишга тушгани ҳақида оммага тақдим қилинган маълумот юзасидан эса, нотўғри ахборот тарқатиб пойтахт аҳолисига янглиш маълумот беришда айбдорлар, қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади”, дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати муносабатида.
Бугун Тошкент шаҳар ИИББнинг телеграм ижтимоий тармоғида саҳифасида ҳам мазкур синов хусусида муносабат билдирилди.
Унда қайд этилишича, карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиш режасига мувофиқ, хизмат кўрсатиш соҳаси субъектларининг фаолияти аста-секин тикланиши кўзда тутилган.
Эпидемиологик ҳолат барқарор бўлган туманларда тегишли санитария меъёрларини ўрнатган ҳолда маиший дўконлар, тиббий диагностика хизматлари, такси, тикувчилик, маиший техника ва оёқ кийим таъмирлаш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат берилган. Шу билан бирга концерт, театр, кинотеатр, музей, спорт тадбирлари, маросимларни ўтказмаслик бўйича чекловлар сақланиб қолинади.
Шу муносабат билан “Qanotchi” ресторанида умумий овқатланиш жойларининг санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилган ҳолда ишлаш имкониятини ўрганиш мақсадида синов ўтказилди. СЭХ хизматлари ишчилари билан ҳамкорликда ўтказиладиган синов ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ хабардор қилинган эди.
Умумий овқатланиш жойи дезинфекция мосламаси, мижозлар столларини ажратиб турувчи ҳимоя экранлари билан жиҳозланиб, СЭОМ бош шифокори М. Қудратходжаеванинг шарҳида қайд этилганидек, “...ишлаб чиқилган хавфсизлик чоралари режасига риоя қилаётган эди”.
Синов натижалари Коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан маълум қилиниб, умумий овқатланиш жойлари фаолиятини тиклаш масаласи ўрганилади ва узил-кесил қарор қабул қилинади, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ баёнотида.