Туркий давлатлар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Улар чуқур ва мустаҳкам тарихий илдизларга эга. Жаҳон цивилизациясида ҳал қилувчи аҳамият касб этиб, фан, таълим, савдо-сотиқ ривожига муносиб ҳисса қўшган. Муайян сабабларга кўра, бу давлатларнинг ўзаро салоҳият ва куч-қудратини бирлаштириш муддати бир оз чўзилди. Бироқ этник хусусиятлар, тил, маънавият, маданият ва қадриятлар муштараклиги туркий мамлакатларнинг жипслашуви учун қулай шароитни юзага келтирди. 

Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд шаҳрида ўтказилган саммити дунёда кузатилаётган мураккаб вазиятда ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий алоқаларни юқори босқичга кўтариш учун имкониятлар эшигини очди. Шу кунгача ташкилот Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши сифатида фаолият олиб борган бўлиб, янги номда янгича қарашлар, ғоя ва дастурлар билан жаҳон саҳнига чиқди.

Ташкилот ўтган даврда савдо-сотиқ, саноат, ишлаб чиқариш ва инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ҳамда маданият соҳаларидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтира олди. Жумладан, биргина 2020 йилда аъзо давлатларнинг жами импорти 420 миллиард, ўзаро айирбошлаш ҳажми 21 миллиард долларни ташкил этгани иқтисодий алоқаларнинг роли ошиб бораётганини кўрсатади.

Савдо-иқтисодий масалаларни биргаликда ҳал этиш учун туркий тилли  давлатлар имкониятларини бирлаштириш бўйича катта салоҳият мавжуд. Бу салмоқли ялпи ички маҳсулотга эга ташкилот маконида ўзбек маҳсулотлари экспорти учун истиқболли бозор мавжудлигидан далолат беради. Буни охирги йилларда аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик кун тартибидаги муҳим масалага айланиб бораётганидан ҳам билса бўлади.

Шунга ҳамоҳанг тарзда ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси йилдан-йилга ортиб боряпти. Тинчлик, барқарорлик туфайли чегаралар очиқлиги, ўзаро эркин савдо-сотиқ ва демократик шаффоф ислоҳотлар боис, сўнгги йилларда юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони кўпаймоқда.

Ислом дини тараққиёти ва илму урфонига беназир ҳисса қўшган буюк алломаларимиз Абу Исо Муҳаммад Термизий, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандий ва Мирзо Улуғбек каби табаррук зотлар зиёратгоҳлари мусулмон ўлкалардан қадам ранжида қилган сайёҳлар билан гавжум бўлаётир. Улар орасида туркий халқлар катта кўрсаткич билан биринчи ўринни эгаллагани ўзаро ишонч, меҳр-оқибат, қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром юксаклигини кўрсатади.

Туризм жабҳаси кўзга кўринмас катта иқтисодий йўналиш бўлиб, минтақада ўтган даврда туризмни янада ривожлантириш учун “Боку — Тбилиси — Карс” темир йўли бўйлаб қатновни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилгани минтақавий туризмни оммалаштириб, Ўзбекистон учун ҳам самарали иқтисодий омилларни яратади. Бундай миллий анъаналар ва бордикелди урфлари муштарак маконимизда ўсиб келаётган ёшлар қатлами туркий қадриятлар руҳида тарбияланишига хизмат қилади.

Туркий давлатлар ёшлари бугун олаётган тарбияси, катта авлоддан ўзлаштираётган тажрибаси натижасида келгусида мамлакат бошқарувида фаолият юритганда бир-бирини ҳимоя қилишга, иқтисодий ҳамкорлик соҳасида қўллаб-қувватлашга ва ўзлигини унутмасликка интилади, десак муболаға бўлмайди. Йиллар синовидан ўтиб келаётган дўстлик ва ҳамкорлик асосига қурилган ташкилот саммити аъзо давлатларнинг муштарак мақсади ва узоқ муддатли истиқболли режалари тасдиғи сифатида кўтаринки руҳда ўтди.

Бундай кенг кўламли иқтисодий муносабатлар, аввало, денгиз бандаргоҳлари сари йўл, Марказий Осиёда янги транспорт ва энергетика йўлакларини очиш, барқарор хавфсизлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга катта имконият яратади. Аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш борасидаги бу муҳим қадам ташкилотнинг иқтисодий-сиёсий мустақиллигини англатади.

Бинобарин, саммитда қўшни Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга кўмаклашиш ва ҳудудни денгиз бандаргоҳларига чиқиш учун ишончли коридорга айлантириш зарурлиги долзарб масала сифатида кўтарилди. Ечим сифатида қўшни давлатда темир йўл транспорти қатнови билан боғлиқ ишларни янада жадаллаштириш ва якунига етказиш лозимлиги ҳам таъкидланди.

Глобаллашув шароитида атроф-муҳит муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, айниқса, келгуси авлодни мусаффо ҳаво, чучук сув ва сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ институционал ёндашувлар илгари сурилди. Минг-минглаб аҳолининг ҳаётдан розилигини таъминлаш учун доимий иш ўринлари ташкил этиш, қашшоқликка барҳам бериш, камбағалликни икки баробар қисқартириш борасидаги таклифлар ўрганилиб, қабул қилинди.

Туркий давлатлар ташкилоти биринчи саммити доирасида ўндан ортиқ муҳим ҳужжатлар имзоланиб, ташкилотнинг транспорт соҳасидаги дастури, соддалаштирилган божхона йўлакларини шакллантириш тўғрисидаги битим ва савдо стратегияси бўйича келишувлар имзоланди. Ташкилотнинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган стратегияси имзолангани минтақанинг яқин истиқболдаги иқтисодий тараққиётини кафолатлайди.

Саммитнинг асосий ҳужжати — Самарқанд декларацияси қабул қилингани ва давлатимиз раҳбарининг 2023 йилни Туркий цивилизация юксалиши йили деб эълон қилиш ҳақидаги таклифи аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қўллабқувватлангани тарихий ҳодисадир. Қўшничилик анъаналарига риоя этиш халқимиз турмуш тарзида доим муҳим ўрин тутиб келган.

Саммитда ташкилотнинг навбатдаги саммитига кейинги йилда Қозоғистон томонининг мезбонлик қилиш таклифи иттифоқдошларнинг бу тузилмага нечоғлиқ ҳурмат билан ёндашаётгани ва ўз келажагини меҳр-оқибатга таянган муносабатларда кўраётганидан дарак беради. Саммитда кўп векторли иқтисодий алоқаларни янада интеграциялаштириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилотининг Инвестиция жамғармасини таъсис этиш бўйича ўзаро келишувга келингани қабул қилинган ҳужжатлар ижроси йўлидаги муҳим амалий қадамдир.

Бундай одимлар мамлакатларда татбиқ қилинаётган рақамли иқтисодиёт ислоҳотларига уйғун ҳолда, аъзо давлатлар учун савдо-иқтисодий ҳамкорликка тўсиқ бўлаётган турли чекловларни бартараф этишга хизмат қилади. Янги Ўзбекистоннинг кўп векторли ташқи сиёсатида қўл келадиган қардошлар тузилмасининг истиқболда минтақани ҳеч кимга иқтисодий-сиёсий қарам қилмаслик ва ташқи сиёсатда мувозанатни сақлаш борасидаги позицияси муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз фақат муайян ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликда чекланиб қолмайди, аксинча, этноиқтисодий туташ ва қудратга тўлаётган янги сиёсий, иқтисодий бирлашма билан ҳам дипломатик муносабатни мустаҳкамлаш, тенгшериклик миссиясидан оғишмайди, десак муболаға бўлмайди. Шу боис, Ўзбекистон томони саммитда илгари сурган асосий муҳим йўналиш иқтисодиёт, трансчегаравий соҳаларни тараққий эттириш бўлиб, бу ёндашув ташкилот аъзолари учун ҳам стратегик фаолиятни ойдинлаштиришда алоҳида аҳамият касб этади.

Туркий давлатлар ташкилоти саммити янгича ҳамкорлик позициясига эга бўлиб, нафақат халқимиз, балки қардош халқларнинг ҳам турмуш тарзи фаровонлиги ва равнақига хизмат қилиши кутилмоқда. Шу нуқтаи назардан, мазкур саммитда Ўзбекистон савдо-иқтисодий соҳаларни интеграциялаштириш, фан ва таълим сифатини тубдан яхшилаш, кадрлар тайёрлашни янги босқичга олиб чиқиш, рақамли технологияларни ҳаётга кенг татбиқ қилиш ҳамда транспорт-логистика, коммуникациялар, маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш борасида самарали келишувларга эришди.