Бугун икки биродар эл ўртасида бошланган янги уйғониш даври сиёсий ва иқтисодий алоқаларни ҳамда маънавият оламининг муштарак уфқларини ҳам нурафшон этмоқда. Мана шундай тарихий юксалиш палласида биз келажак масъулиятини елкасига олган ёшлар, аждодларнинг олийжаноб анъаналарини давом эттириш бахтига муяссар бўлдик. Бизнинг қалбимиздаги илмга бўлган иштиёқ ва қардошликка бўлган садоқат икки халқнинг дўстлик йўлларини ёритувчи ўлмас машъалга айланиши шубҳасиздир.
Бугун Ўзбекистон деб аталган муқаддас заминда истиқомат қилаётган ҳар бир қозоқ миллати вакилининг қалбида беқиёс шукроналик, кўзида эса чексиз фарах порлайди. Мен қозоқ фарзандиман, аммо томиримда икки халқнинг бирдек қадрдон меҳри оқади. Шу азиз тупроқда туғилдим, шу юртнинг нозу неъматидан баҳра олдим. Янги Ўзбекистонимизнинг кўп миллатли аҳил оиласида қозоқ халқи вакилларининг ҳам ўз муносиб ўрни, юксак бахти ва ижтимоий масрурлиги бор. Бугун Янги Ўзбекистон бағрида яшаётган ҳар бир қозоқ фарзанди учун давлатимизнинг меҳр тафти ва чексиз ғамхўрлиги ҳар қадамда сезилмоқда. Бу замин имкониятлар бешигидир. Мен ўзимнинг ҳаётим ва илмий йўлим мисолида буни теран ҳис этдим: шу муқаддас тупроқда туғилдим, шу ерда илм чўққиларини забт этиб, бакалавр, магистртура босқичларини шараф билан босиб ўтдим. Ҳозирда эса маданият ва маънавият қўрғони бўлмиш Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида докторантура босқичида таҳсил олаётганимдан, илм чўққиларини забт этаётганимдан чексиз ғурур туяман. Бу мен учун фақат таълим эмас, балки катта ижодий ва илмий парвозлар майдонидир.
Энг қувонарлиси шундаки, икки биродар ва тақдири туташ халқ ўртасидаги қардошлик ришталари бугун нафақат маънавий-маданий яқинлик, балки сиёсий жиҳатдан ҳам стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг мутлақо янги босқичига кўтарилди. Бу мустаҳкам бирлик, очиқлик ва ўзаро ишонч муҳити биз каби илм аҳлига, изланувчан ёшларга ўз салоҳиятимизни намоён этиш учун янада кенг уфқларни очмоқда. Бугун кўп миллатли Янги Ўзбекистонимизда миллий маданият ва санъатни юксалтириш, қўшни халқлар адабиёти ва маънавиятини яқинлаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Улуғ аждодларимизнинг дунёқараши, орзу-умидлари ва ҳаёт фалсафасини ўрганиш ҳар бир ёш авлод учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиб, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган тарихий қарорлар ушбу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Бу борада қисқа тарихга мурожаат қилсак, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги тарихий қарори икки халқ дўстлигининг куйчиси бўлган аллома меросини қайта тиклаш йўлидаги улкан қадам бўлди.
Ушбу тарихий қадам икки қардош халқнинг қондошлик ва тақдирдошлик ришталарига янгича ҳаётбахш руҳ бағишлаб, маънавий ҳаётимизда муҳим бурилиш ясади. Шу боис ҳам, бутун эл-юртимиз, айниқса, илм ва ижод аҳли ушбу ташаббусни чексиз эҳтиром ва юксак хайрихоҳлик билан қарши олди. Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида нурафшон билим масканларидан тортиб, мардлик мактаби бўлмиш ҳарбий қисмларгача, файзли маҳаллалардан меҳнат жамоаларигача Абай руҳи, Абай нафаси гупуриб турибди. Олимлар ва адиблар, маданиятшунос ва санъаткорлар иштирокида ўтаётган театрлаштирилган адабий кечалар икки халқнинг юрак уриши бирлашган чинакам маънавият байрамига айланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар халқларимиз ўртасидаги маданий-маърифий кўприкларни янада мустаҳкамлаб, келажак сари ташланган қутлуғ қадамдир.
Ҳақиқатан, мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Халқларимизнинг Абу Райҳон Беруний ва Абу Наср Форобий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий ва Абай Қўнонбоев, Ойбек ва Мухтор Авезов, Ғофур Ғулом ва Собит Муқонов каби улуғ намояндалари ва бошқа кўплаб атоқли олимлар, мутафаккир ва шоирларимиз мероси бизнинг умумий бойлигимиздир”. Айнан мана шу маънавий бирлик ва муштарак мерос бугунги Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга, қардош халқлар адабиёти ва санъатини янги босқичда юксалтиришга хизмат қилмоқда. Мана шундай бағрикенг ва мунаввар муҳитда камол топиб, илмнинг заҳматли, аммо шарафли йўлида изланиш олиб бораётган ҳар бир қозоқ фарзандининг қалбида бугун бир олам шукроналик, шуурида эса порлоқ истиқболга бўлган қатъий ишонч мужассам. Бу ишонч бизни янги илмий зафарлар сари руҳлантириб, биродар халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлашга ундайди.
Буюк қозоқ фарзанди Абай Қўнонбоев ўз миллатининг номини тарих зарварақларига муҳрлаган мутафаккир, шу билан бирга бутун инсониятни эзгуликка, халқларни эса дўстлик ва ҳамжиҳатликка чорлаган улуғ сиймодир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиш маросимида сўзлаган тарихий нутқида икки халқ ўртасидаги азалий ришталарга юксак баҳо бериб, шундай деган эди: “Биз учун Қозоғистон замонлар ва ҳаёт синовларидан ўтган, кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланган яқин қўшнимиздир”. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида буюк Абайнинг қалбларга муҳрланувчи қуйидаги сатрларини ёдга олар экан, икки халқ ўртасидаги дўстликнинг маънавий пойдеворини яна бир бор мустаҳкамлади:
Эй инсон, ор-номус дилдошинг бўлсин,
Боболар ҳикмати қўлдошинг бўлсин.
Мол-дунё, шон-шуҳрат – барчаси бекор,
Жондош, содиқ дўст, йўлдошинг бўлсин.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, ушбу ҳикматли сўзлар мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги бугунги ва эртанги муносабатларнинг олий шиорига айланди.
Абай ижодий мероси бугун халқларимиз ўртасидаги маънавий дўстлик кўпригига айланиб, қалбларни бир-бирига яқинлаштирмоқда. 2018 йилда Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” ва 2019 йилда Ўзбекистонда “Қозоғистон йили”нинг юксак савияда ўтказилиши қардошлик тарихида янги саҳифа очди. Бугун ушбу қутлуғ анъаналар янгича шиддат ва теран мазмун касб этиб, халқларимиз ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар мутлақо янги ва мунаввар қиёфада намоён бўлмоқда. Бу зафарли дўстлик ришталари икки буюк миллат маънавиятини ягона ҳайрат уммонига туташтирувчи муштарак оқим, илм ва санъат гулшанида камол топаётган жонбахш жараёндир. Бу муқаддас бирлик қалбларимизни янада жипслаштириб, тақдиримиз ва мақсадимиз муштараклигининг ёруғ ифодасига айланиб бормоқда.
Айниқса, 2018 йил 15 март куни Остона шаҳрида ўтган “Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви” доирасида Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун биринчи даражали “Дўстлик” ордени билан мукофотланиши чуқур рамзий маънога эгадир. Бу юксак эътироф, айни пайтда, буюк мутафаккир Абай Қўнонбоев ижодига ва у тарғиб этган дўстлик ғояларига кўрсатилган чексиз эҳтиромнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилади.
Шу уринда Абайнинг “Қозоқнинг келиб чиқиши ҳақида бирмунча сўз” номли мақоласида ўзбек халқи ҳақида алоҳида тўхталиб: “...ўзбеклар экмаган экин, улар олмаган ҳосил, савдогарларнинг бормаган жойи йўқ... Хуллас, уларнинг қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ”, – деб қардош ўзбек халқига юксак баҳо беради. Абай Фирдавсий, Низомий, Навоий, Бабур каби буюк алломалар асарларидан доимо баҳраманд бўлиб, уларни ўзига устоз билиб, алоҳида ҳурмат кўрсатган. Ўзбекстон халқ шоири Миртемир “Кўз устига, қош устига” мақоласида “улуғ Алишерга қўл берган Абай Қўнонбой ўғли, ўз навбатида, қозоқ ёзма адабиётининг бобоси, қозоқ халқининг даҳо фарзанди, улуғ шоири, асл ўғли даражасига кўтарила олди”, – деб ёзган. Бугунги навқирон авлод аждодларимиздан мерос қолган бу бебаҳо ижодий ҳамкорликни шараф билан давом эттириб, ўзбек ва қозоқ адабий алоқаларининг мустаҳкам пойдеворини янада юксалтириши лозим. Биз ёшлар, Абай Қўнонбоевнинг ибратли ҳаёт йўли ва умрбоқий меросига бағишланган мазмундор дарсликлар, ҳар икки тилдаги мумтоз ва замонавий асарларнинг нафис таржималари ҳамда ёш қалблар учун чинакам маънавият маёғи бўлгувчи китоблар яратилишининг ташнасимиз. Шу билан бирга, заҳматкаш абайшунос олимларимиздан теран мантиқли илмий мақолалар, кино ва телеижодкорларимиздан халқларимиз руҳиятини акс эттирувчи бадиий ва ҳужжатли фильмлар, маҳоратли театр жамоаларимиздан эса қардошликни тараннум этувчи янги ва ёрқин саҳна асарларини ҳам интизорлик билан кутамиз. Зеро, бундай ижодий изланишлар икки халқнинг маънавий бирлигини асрлар оша безаб турувчи боқий гулшанга айланади.
Биз тақдири азал бағрида туташган, тарихий илдизлари бир-биридан сув ичган ва қондошлик ришталари илоҳий ризолик ила боғланган икки забардаст миллатнинг ворисларимиз. Қалбимизнинг ҳар бир уришида Абай бобомизнинг ҳақиқат ва адолатга бўлган чексиз ташналиги, шууримизда эса Ҳазрат Навоийнинг бепоён маърифат ва илоҳий ишқ уммони гўё мавж ураётган жўшқин дарёдек тўлқинланмоқда.
Биз шонли тарихнинг сукутдаги меросхўрлари эмас, Янги Ўзбекистоннинг нурафшон уфқларини билим машъали ва қалб меҳри ила барпо этгувчи фидойи бунёдкорлармиз. Бизнинг мақсадимиз аждодлардан омонат қолган дўстлик ва илм карвонини замоннинг юксак чўққиларига, илм-фаннинг беминнат манзилларига бошлаб борувчи зафарли ва собитқадам авлод бўлмоқдир. Икки элнинг маънавий бирлиги бизнинг қалб қўрғонимиз, биродарлик анъаналаримиз эса истиқбол сари ташланган энг қутлуғ қадамимиздир! Маърифат нури ила йўғрилган бу дўстлик ришталари қалбларимизга куч, иродамизга мадад бериб, бизни улкан марралар сари руҳлантираверади. Бизнинг интилишларимиз ва илм йўлидаги заҳматларимиз фақатгина шахсий ютуқ эмас, балки икки миллат маънавиятини янада жипслаштирувчи олтин кўприкдир. Дўстлик ва биродарлик карвонининг собитқадам давомчилари сифатида бу муқаддас йўлда бизга имон ва жасорат машъали ҳамроҳ бўлади.
Сўзимиз якунига ўзбек шеърияти карвонининг музаффар ва забардаст сарбони, имон ҳамда жасорат куйчиси – Ҳалима Худойбердиеванинг қардошлик ришталарини тараннум этгувчи “Қозоқ дўстларга” шеъридан олинган ушбу сатрлар гўзал хотима ва юқоридаги фикрларимизнинг мухтасар хулосаси бўла олади.
Бизлар асли бир онанинг
Эгиз болаларимиз.
Жоҳилликка, қонхўрликка
Бигиз болаларимиз.
Тарихимиз бирдир бизнинг,
Кўз ёшларда чўмилган.
Турор Рисқул Чулпон билан
Бир ўрага кўмилган.
Турк тўзиши тўхтади денг,
Асли тоза қон енгди.
Абай, Навоийзодалар
Фақат юксалгай энди!
Иншооллоҳ, шундай бўлгай,
Мудом ҳалол томон бўл!
Пешонангдан ўпдим, азиз –
Қозоқ оғам, омон бўл!
Асилбек ҚОЛҚАНАТОВ,
Юнус Ражабий номидаги ЎММСИ
“Мақом” илмий-услубий журнали муҳаррири,
ЎзДСМИ таянч докторанти