Ям-яшил майсазор бўйлаб бетакрор ўймакорлик санъатини намойиш этиб турган миллий шийпон-сўрилар, гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар салобатли сокинлик рамзидай кўнглингизга ажиб хотиржамлик бахш этади.

Турли соҳаларда узоқ йиллар эл-юртимиз хизматини қилган, ҳаёт синовларида тобланган, улуғ ёшида ҳам жамиятимизнинг ижтимоий-маънавий муҳитини барқарорлаштириш йўлида меҳнат қилаётган табаррук кексаларимизнинг қадами узилмайдиган бу даргоҳ — “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви ҳовлисининг файзу баракоти ўзгача.

Бу ерга ташриф буюраётган нуронийлар билан суҳбатлашсангиз, беихтиёр болалик хотираларингиз уйғонади. Сизни дунёнинг энг катта қувончи деб билган ва меҳрини тутиб беғубор болалик байрамларини ҳадя қилган бобо-бувиларингиз эсга тушаверади.

Олмазор тумани “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” фаоли,  техника фанлари номзоди, муҳандис-гидролог, Тошкент давлат транспорт университети талабаларига сабоқ бериб келаётган 78 ёшли Абдуқаҳҳор Тўлаганов ҳам бу даргоҳга тез-тез келиб туради.

— Неваралар тарбиясида бобо ва бувиларнинг ўрнини ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди, — дейди Абдуқаҳҳор Тўлаганов — Турмуш ўртоғим, иқтисод фанлари номзоди Шаҳло Тўлаганова билан бир ўғил, уч қизни вояга  етқаздик. 12 невара ва 10 нафар эваранинг бобо-бувиси бўлишдек саодатга эришдик. Аслида биз фарзандларимиз таълим-тарбияси учун ҳамма имкониятларни ишга соладиган халқмиз.  Невараларимни ўзим боғчага олиб борардим. Ҳали тили чиқмасдан шеърлар айтиб берардим, кўп ўтмай уларнинг ўзлари ҳам шеър ёдлай бошлашган. Ўша пайтда болалар учун ўзбек тилида яхши шеърлар жуда кам эди. Невараларим қизиқадиган мавзуларда ўзим шеърлар ёза бошладим. “Сен ва мен”, “Набирамга шеър”, “Болажонларим — ширинтойларим” каби шеърий тўпламларим чоп этилди. Ҳар якшанба невараларим уйимизни тўлдиришади. Ҳар бир учрашувимиз дийдор байрамига айланиб кетади. Мана бугун бувиси билан  уларнинг ютуқларини кўриб қувониб яшаяпмиз.

“Икки тил ва бир ҳунар”

— Мамлакатимизда нуронийларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, саломатлигини асраш ва ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун зарур шароитлар яратишга қаратилган ишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди, — дейди “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев. — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги тизимли ишларни яна бир поғона юқорига кўтарди. Кекса авлод вакилларининг жамиятимиз ҳаётида, ёшларни эртанги куннинг муносиб ворислари этиб тарбиялашда, маҳаллалар ва оилаларда тинчлик-тотувлик муҳитини шакллантиришда ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланмоқда.

Бундай эътибор, эъзоз ва ғамхўрликдан руҳланган ёши улуғ отахон ва онахонларимизнинг кайфияти, ғайрат-шижоати ўзгача. Ўғил-қизларини эл-юрт корига камарбаста қилиб ўстирган, эндиликда невара-чевараларининг бахту камолини тилаб яшаётган “Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари”, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари фаоллари маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга, ўзлари яшаётган ҳудудлардаги ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишларига, уларни касб-ҳунарга йўналтиришга катта ҳисса қўшиб келишяпти.

Роҳила Салоҳиддинова Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги 33-ИДУМнинг 9-синфида таҳсил олади. Мубина Арабжонова ҳам шу масканнинг 7-синфида ўқийди. Айни пайда мактабларда “Икки тил ва бир ҳунар” тамойили билан хайрли ишлар бошланди.

Туман давлат ва жамоат ташкилотлари, “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши”, “Кексалар маслаҳати” гуруҳи ёрдамида бу икки қиз ўқиш-ўрганиш билан бирга ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланишмоқда. Роҳила Салоҳиддинова яратаётган қўғирчоқларга ва  Мубина Арабжонова ясаётган гулларга талаб катта.

— Маҳалламиздаги “Кексалар маслаҳати гуруҳи” фаолларининг ёрдами билан онам икковимиз кредит олиб, қўғирчоқлар тикиш билан шуғуллана бошладик. Ҳунармандчиликда барака бор экан. Ҳар ойда 8 миллион сўм атрофида даромад қиляпмиз. Ўқишдан бўш вақтимда манфаатли ҳунар билан шуғулланаётганимдан хурсандман, — дейди Роҳила.

Данагидан мағизи ширин

Мубина Арабжонова ҳам ўқиш-изланиш билан бирга, ҳунари ортидан ҳар ойда 7–8 миллион сўмга яқин даромад олаётганидан мамнун.

Ёшлар тарбиясида, оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда “Нуроний” жамғармаси ҳузурида фаолият олиб бораётган “Бувижонлар мактаби”  жамоат тузилмаси фаолларининг ҳам алоҳида  ўрни бор. Узоқ йиллар халқ саломатлиги йўлида меҳнат қилган Гулбаҳор Ҳусаинова “Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлимида “Бувижонлар мактаби” жамоат тузилмасини бошқариб келмоқда. 

— Нотинч оилага кириб борилганда шу хонадонда нечта вояга етмаган бола бўлса, оиладаги вазият уларнинг руҳиятига, ўқиш ва ўзлаштиришига, қизиқиш ва изланишларига қандай таъсир кўрсатаётганини ўрганамиз. Нотинчликнинг туб илдизини излаймиз, — дейди Гулбаҳор опа.

— Хонадон катталарининг аралашуви, қайноналарнинг салбий ёки ижобий таъсири оилада қандай муҳитни шакллантираётганига эътибор қаратамиз. Бугунги кунда “Нуроний” жамғармаси давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда мактабгача ва мактаб таълими масканларида ўғил-қизларимизнинг ўқиш-ўзлаштиришдаги ютуқлари билан танишиб боряпмиз. Оиладаги нотинчликнинг болалар руҳиятига, уларнинг шахс сифатида шаклланишига салбий таъсири ҳақида хонадон катталарига тушунтирамиз. Халқимизда “Данагидан мағзи ширин”, деган гап бежиз айтилмаган. Набираларининг келажаги ҳақида гап борар экан, кўпчилик қайноналар оиласидаги вазиятни тўғри йўлга солишга ҳаракат қилишади. Чунки улар жондан азиз набираларининг илмли, касб-ҳунарли, етук инсон бўлишини истайди.

Ҳар бир оиланинг ўзига хос анъана ва қадриятлари бор. Шунинг учун хонадонларда ўзаро хушмуомала бўлиш, оила аъзоларининг гап-сўзларини бир-бирига чиройли қилиб етказиш, хонадон сирини ташқарига чиқармаслик жуда муҳим.

Айтайлик, оилада маиший ёки саломатлик билан боғлиқ муаммолар бўлса, мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиб, муаммоларни бартараф этиш чораларини излаймиз ва муаммо ҳал бўлмагунча назоратимизга оламиз. Шунинг учун ҳам маҳаллаларда бувижонларимизга бўлган ишонч тобора ортиб бораяпти.

Бу биз учун катта ютуқ. Айни пайтда халқимиз ёшларни муносиб тарбиялашда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда биз нуронийлардан мана шундай самарали натижаларни кутяпти.

Катта оила сардори

Деҳқонобод туманининг “Аэродром” маҳалласида яшовчи 70 ёшни қаршилаётган Абдужаббор бобо Бегматов катта оиланинг сардори. Отахон турмуш ўртоғи Ўғилой ая Бердиева билан фарзанд ва набираларига маслаҳатгўй.

— Оиламиз тинч, хонадонларимиз обод, невараларимиз бахтли, биз нуронийларга бундан ортиқ саодат борми?! “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви томонидан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви” тадбирлари маҳаллалардан энди хонадонларимизга ҳам кўчмоқда. Невараларимиз билан ҳар галги учрашувларимиз маърифий суҳбатга айланади, —  дейди Абдужаббор ота.

Улар 4 нафар фарзандини эл-юрт корига камарбаста қилиб камолга етказишди. Оиланинг суюкли набиралари Абдужаббор ота хонадонига жам бўлишганида хонадон файзга тўлади. Уларнинг ўгитлари набиралари тарбияси учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳар биримизнинг бобо ва бувиларимиз билан боғлиқ гўзал хотираларимиз бор. Бизни “онам”лаб, “отам”лаб эркалаган боболаримиз, бувиларимиз билан дийдорлашган кунимиз болалик байрамларига айланиб кетарди. Бугун ҳам ана шу анъана давом этаётгани қувонарли. Болажонлар “катта ҳовли”, “катта уйлари”га  — бобо-бувилари бағрига меҳр-соғинч билан интилишмоқда. Бувижон ва бобожонларнинг уйлари, меҳр тўла бағирлари неваралар учун Ватан ичидаги кўнгил тортар шодлик маскани, тарбия ўчоғидир. Боболар, бувиларнинг меҳри  билан ёришган бу масканларда болалик байрамлари давом этаверади.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА,

журналист