Хабар қилинганидек, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Фарғона вилояти «Тараққиёт» аҳоли турмуш тарзини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан «Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида қарорлар қабул қилишда фуқаролар иштирокини ошириш» лойиҳасини амалга оширяпти.
Лойиҳа доирасида республиканинг учта – Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги иккитадан туман ҳамда иккитадан маҳалласида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига моддий кўмак кўрсатиш, кичик инфратузилмасини яхшилаш, тиббиёт муассасаларига тиббий буюмлар тақдим этиш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг биринчи босқичи июнь ойида Андижон вилоятида амалга оширилди. Вилоятнинг Хонобод шаҳридаги «Истиқлол» ва «Навоий» маҳалла фуқаролар йиғинларида, Жалақудуқ туманининг «Намуна» ва «Ғалаба» маҳалла фуқаролар йиғинларида ишчи гуруҳ ҳамда МФЙлар фаоллари иштирокида маслаҳат учрашувлари ўтказилди. Учрашувларда маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар рўйхати тузилди, инфратузилмавий муаммолар аниқлаб олинди. Сўнг, жойига чиқиб ўрганилди: эҳтиёжмандлар уйларига борилди, улар билан суҳбат қурилди, кўча ва ариқлар ҳолати, сув манбалари, трансформаторлар кўздан кечирилди. Оилавий шифокорлик пунктларининг шароитлари ўрганилди, якунда уларни «COVID тўпламлари» билан таъминлаш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичи 12—16 июль кунлари Самарқанд вилоятининг Пахтачи ва Қўшработ туманларида ўтказилди. Беш кун давомида ушбу туманлардан танлаб олинган 4 та МФЙ раислари, фаоллари, туман ҳокимликлари ва ташкилотларидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, Қишлоқ оилавий поликлиникалари мудирлари иштирокида муҳокама учрашувлари бўлиб ўтди.
Лойиҳа бўйича иш олиб борувчи мақсадли гуруҳ дастлаб Пахтачи туманидаги «Гулобод» ҳамда «Дўнг» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, эҳтиёжманд оилалар ва инфратузилма муаммолари аниқлаб олди. Инфратузилма бўйича электр, табиий газ, сув таъминоти, ички йўлларни яхшилаш, электр сим ёғочларини алмаштириш, кўприкни таъмирлаш муҳим деб белгиланди.
Навбатдаги манзил — Қўшработ туманидаги «Юқори Жўш» ҳамда «Тоз» МФЙлари бўлди. Ҳар икки маҳалла туман марказидан анча олисда (Юқори Жўш – 42 км, Тоз – 65 км) жойлашган, 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди.
Маҳалла фаоллари иштирокида эҳтиёжманд оилалар, инфратузилма муаммолар аниқлаб олингач, жойига чиқиб ўрганилди. Юқори Жўш, Чорбоқ, Қуруқсой кўчалари бўйлаб 28 та хонадон кўздан кечирилди, эҳтиёжманд оилалар вакиллари билан суҳбат қурилди.
Инфратузилма муаммоси эса асосан электр сим ёғочларидир. Улар айни пайтда эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Лойиҳа доирасида ҳар икки МФЙда ёғоч устунларни темир-бетон устунларига алмаштиришда кўмаклашилади.
Мазкур лойиҳанинг учинчи босқичи Қашқадарё вилоятининг Чироқчи ва Қарши туманларида ўтказилади. Мезонларга тўғри келувчи иккитадан маҳаллани танлаб олиш ва Андижон, Самарқанд тажрибаси асосида иш олиб бориш режалаштириляпти.
Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳанинг умумий бюджети 400 минг еврога тенг, у 18 ой мобайнида амалга оширилади ва 2022 йил январь ойидан татбиқ этилади.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.