Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи мобайнида берилган топшириққа асосан келгусида Қарши шаҳрининг замонавий транспорт моделини яратиш кўзда тутилган. Бундан асосий мақсад ҳудудда тирбандликларни сезиларли камайтириш, бунинг учун инновацияларни қўллаш, шунингдек, жамоат транспортини ривожлантириш ҳисобланади.
Айни пайтда Қарши шаҳрида транспорт қатновини ўрганиш ишлари бошланган. Хусусан, вилоят марказига кириш-чиқиш йўлларида транспорт оқими, шаҳарнинг йирик чорраҳаларида светофорнинг ўтказувчанлик қобилияти таҳлил қилинмоқда. Шу мақсадда вилоят транспорт бошқармаси ва вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамкорлигида шаҳарнинг турли нуқталарида транспорт ҳаракатини видеоқайд этиш ишлари амалга оширилди. Бунинг учун махсус мосламалардан фойдаланилди.
2021 йил якунига қадар Қарши шаҳрига қўшни вилоятлар ва туманлардан кириб келаётган йўловчи ташувчи транспорт воситалари тирбандлигининг олдини олиш мақсадида шаҳарда янгидан 5 та шоҳбекатни (Қарши - Шаҳрисабз, Қарши - Бухоро, Қарши - Самарқанд, Қарши - Касби, Қарши - Ғузор, Қарши - Бешкент) қуриш ва эксплуатасия қилиш бўйича намунавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Барпо этилажак 5 та шоҳбекат учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари белгиланган тартибда ажратилиши таъминланади.