— Яккабоғлик 41 ёшли бемор аёл Маҳфуза Худойбердиевага “Сурункали гломерулонефрит. Терминал босқич. Сурункали буйрак етишмовчилиги. Симптоматик артериал гипертензия” ташхиси қўйилган эди, — дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Дониёр Турсунов. — Ўн тўрт ой давомида ҳафтасига икки маротаба гемодиализ сеансларини олиб келган аёлга 43 ёшли акаси донор бўлишга — бир буйрагини беришга қарор қилди. Керакли текширувлардан сўнг шифокорлар операцияни Қаршида ўтказишни режалаштиришди.
Пойтахтдан келган мутахассислар — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори, тиббиёт фанлари доктори Даврон Тўлаганов, марказ хирургия бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Хаджибаев раҳбарлигидаги 13 кишилик гуруҳ ҳамда марказ филиали вакиллари иштирокида ташкил этилган буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти 7 соатдан ортиқ давом этди.
Амалиёт якунидан сўнг бир неча дақиқа ўтгач, кўчириб ўтказилган буйрак ишлади — пешоб ажралиши кузатилди. Айни пайтда ака-сингилнинг аҳволи яхши. Улар ва яқинларининг қувончи чексиз.
— Илгари жуда қиммат нархда фақат хорижда ўтказиб келинган мазкур турдаги жарроҳлик амалиётларини 2018 йилдан бошлаб марказимизда бажариш йўлга қўйилди, — дейди профессор Фарҳод Хаджибаев. — Эндиликда мазкур операцияларни вилоятларда ҳам маҳорат дарси шаклида йўлга қўйишга киришдик. Айрим текширув харажатларини ҳисобга олмаганда операция бепул ташкил этилди.
— Мақсад — тиббиётни халқимизга янада яқинлаштириш, соҳадаги энг замонавий хизматларни вилоят марказида, келгусида туманларда ҳам ташкил этишдан иборат, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Тўлаков. — Қувонарлиси, эндиликда вилоятимиз мутахассислари ҳам пойтахтда бу борада малака оширишлари режалаштирилди. Келгусида бундай юқори технологияли мураккаб операцияларни кўплаб ташкил этиш имконига эга бўламиз. Беморларимиз ҳам жуда катта харажат эвазига хорижга ёки пойтахтга бориш ташвишидан қутулади. Бир сўз билан айтганда халқимизнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлади. Буларнинг барчаси юртимизда соҳада амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотларнинг самарасидир.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси
ахборот хизмати