Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалган. Ўрганишлар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳайдовчининг шахси ва воқеа тафсилотлари аниқланган.
Маълум бўлишича, ҳайдовчи Қарши шаҳридаги «Чулқувар» маҳалласи ҳудудида кўп қаватли уйлар орасида юқори тезликда ҳаракатланган. Профилактика инспектори ва фуқароларнинг тўхташ ҳақидаги талабига ҳам бўйсунмаган.
Ҳайдовчи ўзида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома бўлмаганини ҳамда автомобилни акаси рухсатисиз олганини тан олган.
Унинг айтишича, «Шўртан» маҳалласи ҳудудида тезлик меъёрини бузган ва йўлга югуриб чиққан болани уриб юборишга сал қолган.
Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125-моддаси 5-қисми, 128⁵-моддаси 2-қисми, 128¹⁰-моддаси 2-қисми ҳамда 135-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Damas русумли автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳайдовчининг қўпол қоидабузарликлари оқибатида жабрланган фуқаролар бўлса, 102 рақамига ёки яқин орадаги ички ишлар органига мурожаат қилишни сўради.
ЙҲХХ барча ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.