Бугун, 7 март куни Қашқадарё вилоятининг Косон туманида Дамас русумли автомобилга ўрнатилган газ баллони портлаб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, соат 10:30 ларда Косон тумани «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Майманоқ–Косон чорраҳасида ҳаракатланмай турган Дамас автомобилига ўрнатилган сиқилган газ баллони техник носозлик сабаб чақнаган.

Қайд этилишича, ҳодиса автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчасида содир бўлмаган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ёнғин юзага келмаган.

Ҳозирда воқеа сабаблари ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.